Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коронавирус билан курашиш тиббиёт каналини ташкил этиш заруратини туғдирадими?
13:32 / 2020-05-19

ЎзА мухбири Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти профессори, тиббиёт фанлари доктори Эгамберди ЭШБОЕВ билан шу каби масалалар юзасидан суҳбатлашди.


Мамлакатимизда пандемияга қарши кўрилган чора-тадбирлар ижобий самара бераётган бугунги кунда тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, шифокорлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратишни даврнинг ўзи тақозо этаётир.

ЎзА мухбири Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти профессори, тиббиёт фанлари доктори Эгамберди ЭШБОЕВ билан шу каби масалалар юзасидан суҳбатлашди.

– Кўп йиллик фаолият ва тажрибага эга институтимиз янги вакциналар яратади, мавжудларини мукаммаллаштиради. Зардоблар олишнинг янги замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва юқумли касалликларнинг олдини олиш учун барча тиббий чораларни кўради.

Бироқ дунё аҳлини ваҳимага солаётган коронавирус жаҳон тиббиётини шошириб қўйди. Касалликка чалинган беморлар соғаяётган бўлса-да, вирусга қарши ҳали вакцина ишлаб чиқилмаган. Ҳозир жаҳон вирусологлари бу борада қизғин ишламоқда. Яратилаётган вакциналар синаб кўрилмоқда. Лекин бу ижобий натижа дегани эмас. Худди шу каби институтимизда ҳам вакцина яратишга жиддий киришилган. Ҳали бу илмий тадқиқот ва синовлардир.

Ҳозирги кунда юқумли касалликларни бартараф этишнинг энг мақбул йўли – карантин. Бу тартиб бизда меъёрида ташкил этилди. Самарасини ҳаммамиз кузатиб турибмиз. Шунга қарамасдан, касалликка чалинаётган борми, демак, бунда ҳар биримиз ўз соғлигимиз устида қайғуришимиз керак. Давлат томонидан кўрилаётган чораларга амал қилишни ҳам фуқаролик бурч сифатида қабул қилиш лозим.

– Коронавирус бугунги куннинг долзарб мавзуси бўлиб қолмоқда. Назаримизда, уни енгиш бироз мураккаб кечадиганга ўхшайди. Аслида, бу вируснинг бошқа вируслардан нима фарқи бор?

– Вирус микробларга нисбатан жуда кичик ва фарқли равишда ҳужайра тузилишига эга бўлмаган кичик бир заррача бўлиб, улар шарсимон, таёқчасимон, кубсимон каби кўринишга эга. Уларни 50-100 минг катталикда кўрсата оладиган электрон микроскоп ва махсус ишлов берилган препаратлар ёрдамидагина кўриш мумкин. Вируслар барча организмда, яъни умуртқалилар, ҳашаротлар, ўсимликлар ҳужайралари, ҳатто замбуруғ ва бактериялар ичида ҳам бемалол кўпаяди. Лекин улар тирик ҳужайралардан ташқарида яшай олмайди.

Коронавирус кўриниши тожсимон, шунинг учун у тождор вирус ҳам деб аталади. Бу вируснинг авлодлари «Одамнинг респиратор коронавируси» (ОРКВ) номи билан фанга маълум. Уларни ўтган асрнинг 60-йилларида англиялик ва америкалик олимлар фанга киритган.

Бу турдаги вируслар бошқа вирусларга нисбатан фарқ қилади. Масалан, вирус товуқ тухуми эмбриони ҳужайраларида яхши ўсмайди. Аммо у одам эмбрионининг трахея ва бронхларидан олинган тўқима культуралари (тирик ҳужайралар)да мукаммал ўсади. Демак, бу вируслар инсоннинг бурун, томоқ, ҳалқум ва бронх, айниқса, ўпканинг альвеоляр ҳужайраларини заҳарлайди. Шу боис, вирус юққан беморда зотилжам (пневмония) хавфи кучаяди.

Коронавирус инсон организмига киришда айёрона йўлни танлайди. Яъни, оқсиллардан ташкил топган коронавирус тождор тиканчалари ёрдамида инсон ҳужайрасига сўрилиб, ўша пайтда у ташқи қобиғини ташлайди. «Ечинган» қобиғини вирус хўжайин ҳужайралари оқсиллари ҳисобига тўлдириб олгани боис, зарарланган ҳужайралар уни танимайди ва қаршилик кўрсатиш қобилиятини йўқотади. Шу тариқа, у ҳужайраларни ўлдириб, кейин янгисига ўтиб олади.

Организмга кирган бу вирусдаги айёрлик ва инсонларда вирусларга қарши курашувчанлик меъёрининг фарқи сабаб бугун ушбу балога қарши вакцина яратиш қийин кечмоқда. Ахир, дунёдаги ҳар бир организмга алоҳида-алоҳида вакцина ишлаб чиқишга ҳеч бир давлатда имконият ҳам, илож ҳам йўқ. Шу сабабли, бугун коронавирус билан олишишнинг фойдали чораси фақат карантин бўлиб қолмоқда.

– Ўзбекистонда ниқобсиз кўчага чиқмаслик карантин чораларидан бири. Айрим давлатларда дастлаб бу тартибга унчалик амал қилинмади, вируснинг ваҳимаси кучайган сари уларда ҳам бунга эътибор қаратила бошланди. Мутахассис сифатида бунга қандай фикр билдирасиз?

– Микробиология соҳасида фаолият кўрсатаётганимга салкам қирқ йил бўлди. Умримнинг учдан бир қисмини иш шароитимда ниқоб тақиб ўтказяпман.

Менга бу кўринмас душманлар билан олишиш кўп бор насиб қилган. Москвада вирусологик лабораторияларда узоқ муддат тадқиқотлар олиб боришга тўғри келган. Вирусларни культура ҳужайраларда ўстириб кўрганман. Электрон микроскопда уларни 50-100 минг марта катталаштириб, бу заррачалар билан тўқнаш келганман. Ўша пайтларда юзга тақадиган дока ниқобларни ўзимиз тикардик. Изоляция ҳолатида боксдан чиқмасдан вируслар культурасини олишни ўрганиб, катта ютуқларга эришганмиз.

Масалан, микробларнинг бир қисми, вирусларнинг эса асосий қисми ҳаво-томчи йўли орқали бемордан соғлом одамнинг нафас йўлига ўтади. Айни шу пайтда беморда ниқоб бўлса, соғлом одам учун хавфли эмас. Айтайлик, бемор ниқобсиз бўлса, соғлом шериги ниқобда бўлса ҳам касаллик юқмайди. Ҳозирги коронавирус пандемиясида эса бундай эҳтиёт чораларини юқори даражада қўллаш, 2 метр масофани сақлашга амал қилиш шарт.

Коронавирус бурун, томоқ, бронх ҳужайраларини зарарлаши оқибатида бу жойлардан жуда кўп шилимшиқ чиқиши ва қитиқланиши кузатилади. Беморнинг аксириши ва йўталиши бу аъзоларнинг зарарланганидандир. Шу тариқа, беморларнинг вирусларга қарши иммунитети ҳосил бўлмасдан айёр коронавируслар ташқарига чиқади. Бундай вазиятда касалликнинг олдини олишда энг мақбул ва бутун дунё микробиологлари тан олган услуб – ниқоб тақишдир.

– Ҳар бир давлатда пандемияни енгиш вақти ҳақида тахминлар айтилмоқда. Сизнингча, бизда бу қайси ойга тўғри келади?

– Коронавирус ташқи муҳитга чидамли эмас, бироқ унинг мавжудлиги ҳароратга боғлиқ. Қайнатилганда, у бир зумда ўлади. 20 даража совуқда узоқ вақт сақланади. Эфир, спирт, этанол каби эритувчи маҳсулотлар, ультрабинафша нурлар, нордон ва ишқорли муҳит таъсирига чидамсиз. Бунда оддий кир совундан бемалол фойдаланса бўлади.

Қуёш нури, ҳароратнинг юқорилиги ва қуруқлиги вирусларга қаттиқ таъсир қилади. Коронавирусли инфекциялар куз, қиш ва салқин келган баҳор ойларида эпидемия кўринишида тез тарқалиб кетади. Одамнинг респиратор коронавирус инфекцияси ультрабинафша нурлар (бактериоцит лампалар) таъсирида 10-12 дақиқада ҳалок бўлади. 25-35 даража қуруқ иссиқда вируснинг ўлиш даражаси ошиши мумкин.

Пандемия пайтида мамлакатимиздаги карантин ҳолати, қатъий тартиб ва олиб борилаётган дезинфекция ишлари самарали бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, июль ойи охирида бу балодан тўлиқ қутулсак керак, деб ўйлайман.

– Коронавирус пандемияси билан курашиш кўпроқ рақамларга боғлиқ бўлиб қолаяпти. Бу кўпчиликда ваҳима уйғотиб, руҳиятига таъсир қилиши мумкин. Даволашда бу тиббиёт, хусусан, эпидемиологиянинг қатъий тартибими?

– Очиғи, жаҳон бўйича касаллик билан боғлиқ рақамларни маълум қилиш бугунги давр, техника асри билан боғлиқ. Аввал ҳам дунё бўйича жуда кўп бор юқумли касалликка чалиниш бўлган. ЖССТ талаби бўйича айнан шу ташкилотга юқумли касалликдан вафот этганлар ҳақида маълумот бериш шарт. Бугунги даврнинг рақамли ҳисоботини икки жиҳатдан изоҳлаш мумкин. Биринчидан, бугун дунёни қўрқувга солган вирусга нисбатан оддий қарамаслик ва давлат тартибига амал қилиш. Иккинчи жиҳати, рақамлар ҳаммага ҳам ёқавермаслиги аниқ. Руҳият масаласига келсак, агар ҳар бир инсон соғлом бўлишни истаса, у ўзини бугунги ҳолатга мослаштириши ва бу вақтинчалик талаблар эканини билиши лозим.

Мамлакатимизда бир йилда 40 мингдан зиёд одам инсульт касаллигига учрайди. Шундан 20-25 беш фоизи ўша пайтда оламдан ўтиши, вақт ўтиб яна 50 фоизи ҳаётдан кўз юмиши ва улардан қолган атиги 10-12 фоизи яшаши мумкин. Лекин улар ногирон бўлиб қолади. Юртимизда турли ҳалокат ва авто авариялардан бир йилда мингдан ортиқ одам вафот этади. Жаҳон бўйича йилига сил касаллигидан 1,5 миллион одам ўлади. ОИТС ҳам қанча одамларнинг ёстиғини қуритади. Аҳолига булар ҳақида коронавирус хавфи каби маълумотлар берилмаган.

Ўз-ўзидан шундай савол туғилади: хўш, Европа давлатларида коронавирусга чалинган беморлар орасида ўлим сони нима учун юқори? Биринчидан, Америка, Буюк Британия, Испания, Италия давлатлари пандемияга тайёр эмаслиги бўлса, иккинчидан, оддийгина талабларга амал қилмаслик сабаб бўлди. Буни қарангки, Италияда қариндош-уруғ билан биргаликда овқатланиш одат экан. Уларнинг шу одатлари бугун қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётига хавф солди. Ўзбекистонда эса вирус билан оғриган беморлардан 12 нафари оламдан ўтди. Бундай натижа эса мамлакатимизда қаттиқ карантин жорий этилгани билан боғлиқ.

Хулоса шуки, бугун рақамлардан ҳам кўра, ушбу заҳарли вируснинг ўзига хос хусусиятларини яхши ўрганмасак, у билан курашиш жуда қийин бўлади. Яна бир гап, хитойликлар бор жонзотларни тановвул қилади ва организми шунга мослашган. Шу боис, уларнинг овқатланиш рациони италияликларга мутлоқ тўғри келмайди. Бизга ҳам. Бундай фарқ ҳар бир давлатга вирус учун алоҳида курашиш талабини қўяди. Демак, бу вирус тиббиётда янги тадқиқот, янги фанни пайдо қилди.

– Коронавирус билан курашиш эпидемиология соҳасига катта эътибор бериш кераклигини кўрсатди. Худди шу каби аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш ҳам талаб даражасида эмаслиги маълум бўлиб қолди. Шу маънода, тиббиёт вакиллари ва аҳоли ўртасида қандайдир ўзаро ишончли муносабатларни мустаҳкамлаш даври келганга ўхшайди. Бу борада қандай таклиф берасиз?

– Буни қарангки, шундай техника, тиббиёт ва иқтисодий салоҳият чўққига чиққан XXI асрда коронавирус инфекцияси кўпайиб, пандемия ҳолатигача етиб келди. Бунга сабаб биз инфекция, вируслар ва микробиология, қолаверса, эпидемиологияни бироз унутдик. Миграцияни оддий бир ҳолат деб тушунадиган бўлдик. Оқибати бугун ҳар бир давлатга маълум.

Тиббий маданият масаласи ҳам бунда ўта муҳим. Бугунги техника асрида шифокорлар аҳолига оммавий тадбир ўтказиши ёки уйига бориб тиббий маданиятдан тушунчалар бериши мумкинми? Йўқ, албатта. Мен тиббий, илмий фаолиятимда жуда кўп бор қўлимга қалам олдим, дарсликлар, мақолалар ёздим. Бир фикр кўп йиллардан буён тинчлик бермайди. Ўзимизда, Ватанимизда тиббиёт илмига ўз ҳиссасини қўшган забардаст олимлар ижоди тўғрисида, тиббиёт илми, тиббиёт маданиятини оммага етказиб берадиган давлат телеканали бўлишини орзу қилганман.

Кейинги пайтда тарих, маънавият, маърифат, спорт каби турли телеканаллар очилди. Назаримда, тиббиёт каналини ташкил этиш пандемия шароитида сув ва ҳаводек зарур. Масалан, коронавирус хавф солмагунга қадар халқимизнинг аксарияти, айниқса ёшлар тарихда “испанка”, “чинчечак” каби юқумли касалликлар бўлганини билмасди. Бугунги ҳолат боис, улар бу ҳақда қисман маълумотга эга бўлди.

“Тиббиёт” каналини очиш шу жиҳатдан ҳам зарурки, саломатликни муҳофаза қилишда даставвал тиббий маданиятни ўргатиш, гигиена, тозаликка риоя қилиш тартибини уқтириш муҳим бўлиб қолди. Коронавирус дунёга офат келтириб турган бир пайтда ушбу эзгу ишни қилишга бел боғласак, тўрт девор ичидан тезроқ чиқиб олишга яна бир имконият яратилади.