Коронавирус Африка халқларига улкан талафот келтириши мумкин
Пандемия Африка мамлакатларига кириб борди.
Пандемия Африка мамлакатларига кириб борди. Бу улкан фожиага олиб келиши мумкин, демоқда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари.
Қашшоқлик, очлик, жиноятчилик, ўлимга олиб келувчи юқумли касалликлар – буларнинг барчаси Африка мамлакатлари учун одатий ҳолат. Энди эса қитъага коронавирус инфекцияси етиб келди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) таҳлилларига кўра, бир йилнинг ўзида ўн миллионлаб африкалик инфекция юқтириб олиши мумкин. Айрим экспертларнинг фикрича, касаллик туфайли унчалик кўп одам вафот этмаса-да, чегараларнинг ёпилиши ва иқтисодий танглик минтақада чуқур гуманитар инқирозни келтириб чиқариши мумкин.
Бундан икки ой аввал Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс ҳам агар чора кўрилмаса, Африкада коронавирус 10 миллион кишининг ёстиғини қуритиши мумкинлигини айтган эди. Чунки минтақада аксарият аҳоли кулбаларда яшайди, соғлиқни сақлаш тизими ёмон йўлга қўйилган. Гарчи ҳозир минтақада кам сонли одам коронавирусга чалинган бўлса-да, (60,6 минг киши) хавф жуда юқорилиги аниқ, дейди ЖССТ мутахассислари.
Экспертларнинг фикрича, касалликнинг олди олинмаса, биринчи йилда 29-44 миллион африкалик SARS-CoV-2 билан касалланиши мумкин, ўлим ҳолати эса 83 мингдан 190 минг кишигача етиши мумкин.