Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Коронавирус: 196 та тадбиркорлик субъектига огоҳлантириш хатлари юборилди
10:07 / 2022-01-28

2022 йил 28 январь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар сони 13 минг 768 нафарга етди.

ССВ хабарига кўра, беморларнинг 3 минг 595 нафари стационар, 9 минг 539 нафари амбулатор шароитда даволанмоқда. Стационарда даволанаётган 450 нафар беморнинг аҳволи оғир, 193 нафари ўта оғир аҳволда.

Пойтахтимизда эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш ва ахборотларни мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва туманларда ҳудудий штаблар, 12 та махсус COVID поликлиникалар туну кун фаолият кўрсатмоқда. Тошкент шаҳридаги бюджет ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларида Ишчи гуруҳлар томонидан ходимларнинг коронавирусга қарши эмланганлиги бўйича текширувлар ўтказилмоқда.

27 январь куни 302 та тадбиркорлик субъекти ва 15 та бюджет ташкилотида текширувлар ўтказилди. Текширувлар давомида 202 нафар ходим вакцина олмагани аниқланиб, вақтинчалик ишдан четлатилди.

Бундан ташқари, Республика махсус комиссиясининг мажлис баённомалари ижросини таъминлаш ва талабларга қатъий риоя қилиш учун 196 та тадбиркорлик субъекти раҳбарига огоҳлантириш хатлари юборилиб, карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан кафолат хатлари олинди.

Шунингдек, Миллий гвардия томонидан Тошкент шаҳридаги барча бозорлар, истироҳат боғлари ва хиёбонлар, оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар, спорт мажмуалари, йирик савдо марказлари ва жомеъ масжидларида фуқароларга карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари давом эттирилмоқда.

Тошкент шаҳридаги 85 та эмлаш марказларида аҳолини коронавирусга қарши етти турдаги, жумладан, бустер доза вакциналар билан эмлаш ишлари олиб борилмоқда.

27 январь куни 13 минг 575 нафар фуқаро коронавирусга қарши эмланган.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА