English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корла вилояти - нокнинг макони
09:48 / 2024-04-14

Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур автоном райони бўйлаб хорижий журналистлар учун уюштирилган семинар дастурида меҳмонларни Корла вилояти билан таништириш ҳам бор эди.

Мухториятнинг марказий қисмида, Тиёншон тизмаси жанубий этагида тўшалган Корла кенгликлари мамлакатнинг жаннатмонанд, айниқса қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги энг юқори ҳудудларидан бири саналади.  

Тўғри, аҳолининг асосий даромади манбаи ҳисобланган боғдорчилик, пахтачилик, чорвачиликдан ташқари, бу эрда энергетика, логистика, рақамли технологиялар каби кўплаб бошқа муҳим соҳалар ҳам ривожланган. Шунга қарамай, нок етиштириш орқали Корланинг тенгсиз боғбонлари нафақат мамлакатда, балки қўшни юртларда ҳам донг таратган. Ҳатто, вилоятнинг рамзий тасвирида "Корла" сўзининг чап томонида яшил барг ва ўнг томонида нок акс этган.

Ташкилотчилар семинар иштирокчиларини маҳаллий аҳоли турмуш тарзи билан "Ушоқтерак" қишлоғи мисолида таништириш учун йўл бошладилар. Умуман, марказдан Корлани қай бир ҳудудига қараб йўлга тушманг, ўнлаб чақирим теп-текис кўчанинг икки томони ҳам бепоён кенглик узра ястанган нокзорни кўрасиз. Айниқса, нок дарахтлари саноқсиз оппоқ гулга бурканган айни кунларда бу боғлар ҳар қачонгидан файзли кўринади.

Саёҳатимиз манзили - Ават ноҳиясига қарашли “Ушоқтерак” қишлоғи марказдан 12 километр жануби-ғарбда жойлашган. Умумий майдони 68 квадрат километрни ташкил қиладиган маҳалла ҳудудидаги жами экин майдони қарийб 3 000 гектар.

- Қишлоқдошларимизнинг асосий даромади нок ва чорва маҳсулотлари сотишдан, - дейди маҳаллий партия қўмитаси котибаси Лю Кан. - Масалан, ўтган йил биргина нокдан 8 000 тонна ҳосил олиб, анча даромад топдик.

Ҳудудда ҳосил байрамлари кўп экан. Эрта кўклам "Чечак байрами" билан бошланган анъанавий анжуманлар йил давомида узум, тут, жийда ва бошқа мевага бағишланган ҳосил байрамлари ўтказилади. Фестивалларнинг энг йириги, табиийки, "Нок фестивали". Умуман, Шинжон-Уйғур автоном туманига хос бир хусусият шуки, бу заминда турли - хитой, уйғур, мўғул, қозоқ, дунган, ҳангу ва бошқа жуда кўп миллат ваккиллари аҳил-иноқ яшайдилар.

Шу кунларда "Нок фестивали"га тайёргарлик кўряпмиз, - деди "Ушоқтерак” қишлоғи этакчиси, уйғур миллатига мансуб Азиз Латиф. - Узун йўлак бўйлаб қуриладиган савдо айвонлари - 100 дан зиёд кўргазма растаси улкан бозорни ҳосил қилади. Фермерларимиз маҳсулотларини намойиш этадиган махсус дўкончалар нафақат нок, балки бошқа турли мевалар, шунингдек чорва маҳсулотлари билан тўлади. Харидорлар ва мижозлар эса мамлакатнинг барча ҳудудларидан, хориждан ҳам келишади.

Номи ўзига монанд "Ушоқтерак" қишлоғи кўчаларини кезсангиз, ўзбек хонадонларига ўхшаб кетадиган уйлар орқасида қатор-қатор кўкка бўй чўзган теракларга кўзингиз тушади. Бу - алоҳида мавзу...

Ғайрат Хонназаров, ЎзА

Корла, Хитой