Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхонанинг иккинчи босқичи ишга туширилди
19:46 / 2015-08-24

Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрамини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда Термиз шаҳридаги “NOVA PHARM” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонасининг иккинчи босқичи фойдаланишга топширилди.

Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрамини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда Термиз шаҳридаги “NOVA PHARM” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонасининг иккинчи босқичи фойдаланишга топширилди.

Термиз шаҳрида “NOVA PHARM” Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонасининг дастлабки босқичи ишга туширилганига тўрт йил бўлди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхонада ишлаб чиқарилаётган дори воситалари арзонлиги ва сифати билан ажралиб туради.

Президентимиз раҳнамолигида хусусий секторнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани хорижлик сармоядорларнинг ўз бизнесини йўлга қўйишида кенг имконият яратмоқда. Бундай муҳитдан самарали фойдаланаётган ҳиндистонлик ишбилармонларнинг маҳаллий ҳамкорлар билан сифатли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда юртимизнинг жанубий вилоятини танлагани бежиз эмас. Зеро, Сурхондарё доривор гиёҳларга бой, ноёб шифобахш ўсимликларни етиштириш учун қулай иқлим шароитига эга ҳудуд. Маҳаллий шароитда шифобахш гиёҳларни ўстириш, кўпайтириш ва ундан мақсадли фойдаланиш вилоятда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, жаҳон бозорида рақобатбардош, арзон дори воситалари ишлаб чиқариш имконини бермоқда.

Қўшма корхона фаолиятининг кенгайтирилиши мамлакатимиз фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, даволаш-профилактика муассасаларининг арзон, сифатли дори воситаларига бўлган талабини қондириш, юртимизнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Корхонанинг мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган иккинчи босқичида сифатли ва ноёб кукун, шифобахш дамлама ҳамда турли сироплар ишлаб чиқарилади.

– Ўзбекистонда рақобатбардош, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун қулай ишбилармонлик муҳити мавжуд, – дейди қўшма корхона директори Сатвиндер Сингхга. – Хорижлик сармоядорлар иштирокидаги корхоналар учун қатор имтиёзлар берилган. Биз бу ерда жаҳон бозорида рақобатбардош ва арзон дори воситалари ишлаб чиқараётганимиздан мамнунмиз. Бундай эътибор корхонани босқичма-босқич замонавий технологиялар асосида кенгайтириш, маҳсулот тури ва ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳамкорларимиз бизни импорт ўрнини босадиган кўплаб янги дори воситалари тайёрлаш жараёнини ўзлаштиришга ундаётир. Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги тинч ва осуда ҳаёт, иқтисодий барқарорлик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.

Замонавий қўшма корхонанинг иккинчи босқичида ўттиз беш киши иш билан таъминланди. Уларнинг кўпчилиги касб-ҳунар коллежини битирган ёш мутахассислардир.

– Коллежни муваффақиятли тугатдим, – дейди Холмуҳаммад Ҳакимов. – Маҳалламизда жойлашган ушбу корхонада ишлашни орзу қилардим. Эндиликда ана шу истагим руёбга чиқди ва оператор сифатида иш бошладим. Замонавий ускуналарни бошқаришни тезда ўзлаштирдим. Халқимиз саломатлиги йўлида, оз бўлса-да, ҳиссам борлигидан хурсандман.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, келгусида вилоятда ўсадиган турли гиёҳлардан табиий дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бир марталик шприцлар ишлаб чиқарадиган технологик ускуналар ўрнатилади. Ишлаб чиқарилиши йўлга қўйиладиган инфузион, инъекцион эритмалар мазкур дори воситаларини хориждан олиб келишга тўлиқ барҳам бериб, ҳатто четга экспорт қилиш имконияти яратилади. Вилоятда ўсадиган шифобахш гиёҳлардан фойдаланиш ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг таннархи арзон бўлишини таъминлайди. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, яна юздан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов сўзга чиқди.