Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхона коронавируснинг олдини олишга сарфлаган харажатларни қандай расмийлаштиради?
14:20 / 2020-04-10

Корхона раҳбариман, корхонамизда 100 дан ортиқ одамнинг 60 га яқинини ишда олиб қолдик.


Корхона раҳбариман, корхонамизда 100 дан ортиқ одамнинг 60 га яқинини ишда олиб қолдик. Уларнинг тана ҳароратини ўлчаб, кейин ишга рухсат берилади. Ниқоб ва зарарсизлантирувчи воситалар билан таъминладик, яна нималарга эътибор қаратишимиз керак?

Бугун ўтказилган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бош давлат техник инспектори А. Шарипов шу ва аҳолидан келган бир қатор саволларга жавоб берди.

– Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуннинг 18-моддасига асосан бир қатор вазифалар белгиланган. Аввало, меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлиши керак. Бундан ташқари айрим махсус кийим-бош ва шахсий ҳимоя воситалари борки, улардан сменали ишларда бир неча киши фойдаланиши мумкин. Мисол учун, диэлектрик калиш, диэлектрик қўлқоп, резина фартук, шлангли противогаз ва шунга ўхшаш ҳимоя воситалари ҳар бир смена якунида дезинфекция қилиш керак.

Савол. Катта жамоада ишлайман. Ҳаммамиз уйимизга қатнаймиз, уйдагилар ишхонада кўпчилик ишлаётганидан хавотирда?

Ишхонада ишловчилар кўп бўлса, хавф (риск) ҳам шунча юқори бўлиш эҳтимоли бор. Энг асосийси, давлат санитария назорати органлари ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган бошқа давлат ташкилотларининг талабларига риоя этиш бугунги кунда ҳаммамизнинг бурчимиз.

Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонуннинг 23-моддасида меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликлар хавфи мавжудлиги ҳақида ходимларни ўз вақтида хабардор қилиши иш берувчи зиммасига юкланган.

Шунинг учун қайси бир ходимда касаллик аломатлари пайдо бўлганлиги тўғрисида нафақат иш берувчилар ходимларни балки ходимлар ҳам иш берувчиларни хабардор этиши бугунги кунда жудаям муҳим.

Савол. Бош ҳисобчи бўлиб ишлайман, корхонамизда коронавирус инфекциясини олдини олишга қаратилган тадбирлар (маска, антисептик воситалар ва ходимлар учун иссиқ овқатлар тайёрлаш, ходимларни ишга олиб келиш ва ишдан олиб бориш) учун қилинган харажатларни қонуний расмийлаштиришда қандай тавсиялар берасиз?

Албатта, бугунги кунда юқорида айтиб ўтилган тадбирлар жуда муҳим ҳисобланади ва улар ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилишга қаратилган, бунинг учун Меҳнат кодексининг 216-моддасини асос қилиб олишингиз мумкин.

Ушбу модда талабларига мувофиқ меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш учун маблағлар ва зарур материаллар ажратилиши ва улардан фойдаланиш тартиби жамоа шартномасида кўрсатилади. Агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи ўртасидаги келишувда акс эттирилиши мумкин.