Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корхона бюджетга 100 миллиард сўмдан ортиқ фойда келтирди
16:12 / 2019-04-30

Пойтахтимизда Япониянинг JTI компанияси маблағлари ҳисобидан акцизости товарлари фабрикасининг учинчи ишлаб чиқариш линияси ишга тушди.


Пойтахтимизда Япониянинг JTI компанияси маблағлари ҳисобидан акцизости товарлари фабрикасининг учинчи ишлаб чиқариш линияси ишга тушди. Бу эса маҳсулотлар турини 15тадан 30тага етказишни таъминлайди.

– Германиядан олиб келинган мазкур технологиялар кўмагида жуда сифатли ва янги форматдаги маҳсулот ишлаб чиқармоқчимиз, –дейди “Taskent Tobacco” корхонаси директори Пўлат Саидов. – Бу эса ўзбек маҳсулотларини жорий йилда Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилиш имконини беради. Июнь ойида Қирғизистонга экспортни бошлаймиз. Йил охирига қадар 4,5 миллион долларлик экспортни амалга ошириш ниятидамиз.

Қайд этиш жоизки, ҳамкорликдаги мазкур лойиҳа 2015 йилда бошланган бўлиб, ўтган даврда фабрикада ишлаб чиқарилган товар белгилари юртимиз ички бозорининг 10 фоизини таъминламоқда. Натижада ўтган йил давомида корхона Ўзбекистон бюджетига солиқ ва бошқа тўловлар туфайли 100 миллиард сўмдан ортиқ фойда келтирди. Шунингдек, юртимизнинг турли ҳудудларида 300 дан зиёд иш ўрни яратди.

– Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ишлаб чиқариш салоҳияти ўсиб бормоқда, – дейди JTIнинг Қозоғистон ва Марказий Осиёдаги бош директори Евгений Никольский. – Бу эса Ўзбекистонда жаҳон иқтисодиётига интеграциялашув ва мамлакат раҳбариятининг қулай сармоявий муҳит яратишга бўлган эътибори натижасидир. Бу борада бизнинг лойиҳамиз яхши мисол бўла олади. 
Айни вақтда лойиҳамизнинг умумий инвестицион ҳажми 40 миллион долларга тенг. Йил охирига бориб, яна битта линияни ишга туширамиз.

Халқаро компаниялар ҳамкорлигида Ўзбекистонда акцизости маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхона фаолиятининг кенгайиши ва ривожланиши жаҳонга машҳур маркаларни ўзимизда ишлаб чиқаришда қўл келади. Бу орқали ички бозорда истеъмолчилар учун маҳсулотлар тури ортади ва табиий равишда контрабанда камайиб, бюджетга тушадиган солиқ тушумлари кўпайишига олиб келади.