Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўркам ва ораста бўлаётган манзиллар
08:26 / 2024-04-09

Халқимизнинг йиллар давомида шаклланган эзгу қадриятларидан бири бу ҳашардир. Ҳашар йўли билан кўплаб ҳайрли ишлар амалга оширилган ва бунда барака бор, деган гап ҳам бежизга айтилмаган.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Йўлдошобод маҳалласида ташкил этилган ҳашарда Сирдарё вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши  бошқармаси, “Тоза ҳудуд” ДУК, Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий филиали, Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда маҳалла фаоллари фаол иштирок этди.  

Ҳашарда 96 тоннадан ортиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари маҳалла ҳудудидан чиқариб ташланди. Манзарали ва мевали ниҳоллар оқланиб, ариқ ва зовурлар тозаланди. Шунингдек, ушбу маҳалладаги 691 та хонадоннинг 4048 нафар аҳолиси томонидан ҳосил бўлган қаттиқ маиший чиқиндиларни ҳафтанинг пайшанба куни олиб кетиш хизматини кўрсатиш бўйича режа ишлаб чиқилди ҳамда аҳолига тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

– Шаҳарлик ҳашарчилар бор бўлсин, – дейди маҳалла фаоли Х.Абдуллаева. – Уларнинг жонбозлиги сабаб маҳалламиз кўркам ва ораста бўлди. Бу каби ташкил этилган амалий ишлар, айниқса, ҳашар уюштириб уйлар, кўчаларни ораста тутиш ёш авлодга ибрат вазифасини ўтайди ва қадриятларимизга ҳурмат ҳамда давомийликни тарғиб қилади.

Ш.Суяров, ЎзА мухбири