Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти мамлакатимизда яшовчи кўриш бўйича ногиронлиги бўлган инсонларнинг бошқалар каби тенг яшашлари, тўсиқсиз ҳаёт кечиришлари, иш билан таъминланишлари учун қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил қилинган пресс-турда шундай инсонларни иш билан таъминлашга ҳисса қўшаётган иккита йирик корхона фаолияти билан танишилди.
Журналистлар корхоналарда олиб борилаётган иш жараёнлари ҳамда келтирилган замонавий асбоб-ускуналар билан таништирилди.

Кўзи ожизлар жамиятига қарашли “Тикув-Зиё-Файз” ўқув ишлаб чиқариш корхонасига яқинда пайпоқ тўқиш мосламаси келтирилган бўлиб, қўшимча иш ўринлари яратилган.
– Айни пайтда корхонада 2 та цех фаолият олиб бормоқда, – дейди корхона раҳбари Гулбаҳор Қосимова. – Асосий фаолият тури тикувчилик бўлиб, шу билан бирга қўшимча пластмасса маҳсулотларини қайта ишлаш цехи ҳам мавжуд. Корхонамиз 2012 йилдан бугунги кунга қадар ўз маҳсулотларини сотиш, нуфузини ошириш бўйича республика миқёсида ўтказилган кооперацион биржа ва кўргазмаларда, электрон биржаларда фаол иштирок этиб келмоқда. Кўзи ожиз ишчи-ходимлар меҳнат қилишлари учун корхонада барча шарт-шароитлар яратилган.
Шундай корхоналардан яна бири кўзи ожиз ва заиф кўрувчи инсонларни иш билан таъминловчи “Дизайн-Принт ЎИЧК” масъулияти чекланган жамиятидир. Корхонага 2023 йилда ёзувчи ва тадбиркор Набижон Ҳошимов томонидан асос солинган.
Корхонага брайл ёзувига мослашган 250 дан ортиқ китобни чоп этишга мўлжалланган дастгоҳлар келтирилди. Ушбу дастгоҳлар ёрдамида ишчилар илгари кун давомида бажарадиган ишларини энди ярим соатда уддалашлари мумкин.
Н.Раҳмонова, ЎзА