Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўринмас қотилни дунё озиқ-овқат тизимидан чиқариб ташлаш керак
18:29 / 2024-08-08

“Халқаро минбар” лойиҳасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ва тадбиркор Том Фриденнинг “Транс ёғ: Кўринмас қотилни дунё бўйлаб озиқ-овқат таъминотидан чиқариб ташлашимиз керак” сарлавҳали мақоласи тақдим этилади.

Доктор Том Фриден 2009-2017 йиллари АҚШ Касалликлар назорати маркази раҳбари сифатида H1N1 гриппи, Эбола ва Зика эпидемиясига қарши чораларни мувофиқлаштирувчи “Resolve to Save Lives” компанияси президенти ва бош директори ҳисобланади.

– Пицца, хот-дог, бургер, пан-кейк каби алдамчи мазали, тез пишар таомлар инсоният ҳаётига кириб келганига кўп бўлгани йўқ. Бинобарин, бундай егуликлар истеъмоли ёқимсиз оқибат келтириб чиқариш эҳтимоли юқори. Асосан шакар, туз ёки ёғ таркибида, қўшимча равишда, заҳарли таркибий қисм ҳам мавжудки, саноатда ишлаб чиқарилган транс ёғ таъсирида йилига юрак-қон томир касалликларидан 300 000 га яқин инсон ҳаётдан кўз юммоқда.

XX аср бошида сариёғ ўрнини босувчи сифатида ихтиро қилинган ва кейинчалик озиқ-овқат маҳсулотлари сақланиш муддатини ошириш учун фойдаланилган транс ёғи инсон саломатлиги учун жуда хавфли.

Олти йил олдин ЖССТ илк бор мамлакатлар ва озиқ-овқат секторини саноатда ишлаб чиқарилган транс ёғларни глобал озиқ-овқат таъминотидан чиқариб ташлашга чақирди. Ўшанда дунё аҳолисининг кичик бир қисми – ҳар 10 кишидан бири ушбу заҳарли кимёвий моддадан воз кечди.

Ташкилотнинг айни муаммога эътибор қаратилган янги ҳисоботида сўнгги бир неча йил ичида эришилган ютуқлар ҳам баён этилган.

Бугунги кунда қарийб тўрт миллиард аҳолиси бор 53 мамлакат ЖССТ тавсия этган энг яхши амалиёт сиёсатини амалга оширмоқда. Натижада инсониятнинг қарийб ярми саломатлик учун жиддий бир хавфдан холи яшамоқда.

ЖССТ беш давлат – Дания, Литва, Польша, Саудия Арабистони ва Таиландни транс ёғдан чекиниш бўйича энг фаол саъй-ҳаракати учун тан олди. Бу мамлакатлар транс ёғлар бўйича намунали амалиёт сиёсатини қабул қилиб, мониторинг ва назорат тизимини ҳам йўлга қўйган. Масалага бундай ёндашув соғлиқ учун фойдани имкон даражасида оширади.

Шунга қарамай, ҳали бу борада кўп иш қилиниши керак. Маълумотларга қараганда, тўрт миллиарддан зиёд одам ушбу заҳарли кимёвий моддадан ҳимояланмаган. Глобал миқёсда транс ёғ туфайли ўлим ҳолатининг аксари Африка қитъаси ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги саккиз мамлакатга тўғри келади. Ушбу мамлакатларда илғор амалиёт сиёсатини юритиб, зарарли таркибий қисм билан боғлиқ глобал ўлим кўрсаткичининг 90 фоизини бартараф қилиш мумкин.

Барча мамлакатлар, даромад даражасидан қатъи назар, озиқ-овқат таркибидаги транс ёғ даражаси паст бўлса ҳам белгиланган қоидани амалга ошириш орқали ўз халқини ҳимоя қила олади. Аргентина, Кения, Нигерия, Буюк Британия, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқидаги тадқиқот транс ёғларни йўқ қилиш юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун тежамкор восита эканлигини кўрсатмоқда. Озиқ-овқатни нархи ёки таъмини ўзгартирмасдан, таркиби соғлом ёғ билан алмаштирилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Транс ёғ бўйича илғор ёндашувни қўллаб-қувватлаган давлатлар ўз тажрибаси ва технологияси билан ўртоқлашиш орқали бошқаларга ҳам ёрдам бериши лозим. Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар, айниқса сунъий транс ёғдан иборат маҳсулотдан кўпдан бери фойда кўриб келган миллий ва глобал конгломератлар соғлом маҳсулот яратишга сармоя киритиш учун масъулдирлар.

Транс ёғсиз дунёга эришиш учун уч устувор ҳаракат керак.

Биринчидан, барчани ЖССТ томонидан тавсия этилган сиёсатга мувофиқ, ҳар қандай озиқ-овқат таркибидаги транс ёғни чеклаш ёки тақиқлашга чақирамиз.

Иккинчидан, ҳукуматлар чеклов ва тақиқ тизими назорат қилиниши ва бажарилишини таъминлаши зарур. Бунинг учун ташкилотимиз безгак ёки эътибордан четда қолган тропик касалликларни йўқ қилиш мақсадида мамлакатлар саъй-ҳаракатини расман тан олиб, транс ёғсиз Валидация дастури (Тасдиқлаш сертификати)ни яратди.

Учинчидан, озиқ-овқат саноатини ЖССТ тавсияларини амалга оширишга чақирамиз. Агар транс ёғлар олиб ташланиб, ўрни соғлом ёғ билан тўлдирилса, юрак-қон томир касалликлари хавфи энг кам даражага тушиши шубҳасиз. Компаниялар таркибида транс ёғ бўлган маҳсулотни ҳали ЖССТ тажрибаси кириб бормаган бозорларда сотмасликка рози бўлиши керак.

Йирик озиқ-овқат ва ингредиент ишлаб чиқарувчилари айни йўналишда дадил қадамлар қўйди. Энди бошқа корхоналар уларга эргашиши лозим.

Саноатда ишлаб чиқарилган сунъий транс ёғни глобал миқёсда чеклашга интилиш дунёда биринчи марта юрак хасталиклари хавфи омилини кескин камайтириш учун умумий саъй-ҳаракат сафарбар қилинганини кўрсатади.

Олдимизга қўйилган мақсад аниқ. Бу режани қандай амалга оширишни ҳам биламиз. Ва дастлабки ижобий натижалар бизни қувонтирмоқда.

Муҳаррама Пирматова тайёрлади.

ЎзА