Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўрик-танлов истеъдодларни кашф этди
14:39 / 2026-03-01

Юртимизда хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, маиший муаммоларини бартараф этиш ҳамда жамиятдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда турли маънавий-маърифий тадбирлар ва кўрик-танловлар мунтазам ташкил этилмоқда. “Навоий кон-металлургия комбинати”АЖ, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳамкорлигида фаол, қобилиятли хотин-қизларни аниқлаш, бўлинмаларда фаолият олиб бораётган турли касб эгаларини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли, ташаббускор соҳа вакилларини рағбатлантириш мақсадида “НКМК Олтин аёли” кўрик-танлови ташкил этиб келинмоқда.

Бу танлов ташкилотчиларига қарашли бўлинмаларда меҳнат қилаётган 12 минг нафардан зиёд хотин-қизлар орасидан ҳар жабҳада илғор бўлган етакчиларни аниқлаш, улар салоҳиятини намуна сифатида кўрсатиш ҳамда тақдирлашга хизмат қилади. Танловнинг ҳудудларда бўлиб ўтган саралаш босқичларида 100 га яқин хотин-қиз иштирок этиб, улар орасидан 14 нафари финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтган финал босқичида ҳар бир иштирокчи намойиш этган ёрқин истеъдоди ва ўзига хос ижро маҳорати барчада катта таассурот қолдирди. Уларнинг чиқишларини баҳолаб бориш ва ғолибларни аниқлаш ҳакамлар ҳайъатига осон бўлмади. Якуний натижаларга кўра, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖдан Навоий машинасозлик заводи оператори Дилобар Эргашева, “Навоийуран” давлат корхонасидан Уран ишлаб чиқариш заводи назоратчиси Қундуз Кенжаева ва “НКМК жамғармаси” давлат муассасасидан “Зарафшон” ҳудудий бошқармаси Тиббий-санитария қисми ходими Дилбар Эргашевалар ғолибликни қўлга киритиб, “НКМК Олтин аёли” деган номга сазовор бўлди. – Ўқувчилик даврларимдан буён ўтказилган тадбирларда кўп қатнашганман, – дейди Дилобар Эргашева. – Орадан шунча вақт ўтиб, бугун юзлаб томошабинлар олдида яна маҳоратимни намойиш этиш имкониятига эга бўлдим. 

Саҳна – бу кураш, мардлар майдони. Унда фақат кучлилар ғолиб бўлади. Буни чуқур англаган ҳолда, ўзимга бўлган ишонч, заводимиз раҳбарияти ва ҳамкасбларим ёрдамида яна бор нуфузли танловда иштирок этдим ва яхши натижаларга эришдим. Танлов ташкилотчилари, қўллаб-қувватлаб турган ҳамкасбларим, мухлисларга раҳмат. Мамлакатимизнинг йирик саноат корхонаси бўлган Навоий кон-металлургия комбинати ва НКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши кўплаб танловлар ташкилотчиси ва ташаббускори ҳисобланади. Бугунги кунда кўп минг кишилик жамоада хотин-қизлар ҳам меҳнат қилмоқда. Улар бугун ишлаб чиқаришнинг барча жараёнларида фидокорона меҳнат қилиб келяпти. 

Уларнинг орасида 269 нафари раҳбар аёллар, 40 нафари давлат мукофотлари соҳиблари, шунингдек, танловлар ғолиблари, депутатлар бор. Меҳнат муҳофазаси, муносиб иш шароитлари, ҳар бир ишчи-ходимнинг соғ-саломат оиласи даврасига қайтиши доимий комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши эътиборида. Бу уларни хотиржам меҳнат қилиш, режаларни ўз вақтида бажариш ва янги марралар сари руҳлантириб келмоқда. Бу ютуқлар яқинда “Гендер тенглик фаоли” республика миллий танловида юксак эътироф этилиб, Навоий кон-металлургия комбинати “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика ташкилоти” номинацияси ғолиблигини қўлга киритди. – Кўпчилик комбинат ходимларини доимий иш ва ишлаб чиқариш билан банд деб ўйлашади. Лекин улар спорт, маданият, маънавий-маърифий соҳалар, танловларда ҳам фаол. Истеъдодини намойиш этиш учун замонавий масканлар, турли тўгараклар, клублар фаолият кўрсатмоқда. 

Уюштирилаётган танловлар эса истеъдодли хотин-қизларни аниқлаш ва уларни тақдирлашга хизмат қилмоқда, – дейди “НКМК”АЖ Гендер тенглик ва инклюзивлик хизмати бош мутахассиси Нигора Амонова. Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирланди. 

А. Бўриев, ЎзА