Президентимизнинг жорий йил 14 февралда эълон қилган фармонига мувофиқ Қуролли Кучлар тизимида янги Саф низоми ишлаб чиқилди. Ушбу Саф низоми асосида Қуролли Кучлар куч тузилмаларида илк маротаба Миллий гвардия тизимида “Саф тайёргарлиги бўйича энг илғор бўлинма” кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланган тадбирлар “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” эзгу ғоя остида белгиланган дастур асосида бўлиб ўтмоқда. Мазкур кўрик-танлов Миллий гвардия бўлинмаларининг саф тайёргарлигидан амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, соғлом рақобатни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, шахсий таркибнинг қурол билан махсус саф усулларини бажаришда ўзига нисбатан ишончни ошириш мақсадида йилда икки бор ўтказилиши белгиланган.

Пойтахтимизда бўлиб ўтган ушбу тадбирнинг республика босқичи синовлари Жамоат хавфсизлиги университети базасида ўтказилиб, унда иштирок этган 11 та жамоаларнинг саф қоидаларини ўзлаштирганлиги баҳоланди. Мусобақа жараёнларида якка тартибда қурол ва қуролсиз саф усулларини намойиш этиш, саф қўшиғини тантанали айтиб ўтиш, жанговар ҳайқириқ ҳамда қурол билан кўргазмали махсус саф усуллари каби шартлар амалда бажарилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак, кўрик-танловдан кўзланган яна бир мақсад “Жасорат мактаблари” ўқувчиларининг келгусида танловда иштирок этишини таъминлаш орқали юртимизда ватанпарварлик тарбияси, ҳарбий соҳага қизиқишни ошириш, келажак авлоднинг юксак маънавий салоҳиятини шакллантиришдан иборатдир.

Унда Миллий гвардия қўмондонлиги, Мудофа, Ички ишлар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Ёшлар ишлари Агентлиги ва ҳарбий таълим муассасалари мутасадди раҳбарлари ҳамда курсант ва тингловчилари, шунингдек, жасорат мактаби ўқувчилари ҳамда маҳаллий ёшлар иштирок этди.
Ҳарбий оркестр чиқишлари, янги саф низомидаги янгиликлар, қизлар жамоасининг қурол билан саф ҳаракатлари ва Фахрий қоровул батальони жамоасининг намунали саф чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар эътиборига гвардиячилар томонидан тайёрланган амалий кўргазмали чиқишлар ҳарбий оркестр иштирокидаги мусиқали тароналар ҳавола этилди.

Мазкур кўрик-танловда тизимдаги гвардиячи қизларнинг ҳам иштирок этганлиги қўмондонлик томонидан гендер тенглик масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигининг яққол далилидир.

Нуфузли ҳакамлар томонидан ҳар бир чиқишлар муносиб баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, 3-ўрин Миллий гвардия Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармалари жамоаларига насиб этди. 2-ўринни Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси қўлга киритди. Тошкент шаҳар “Шер” жамоаси танловнинг мутлақ ғолиби бўлди.
Ғолиблар диплом ва пул мукофотлари билан муносиб тақдирланди.
Чорихон Қосимов,
журналист.