Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўргазма: "Сўз, тасвир ва салтанат даҳолари"
17:35 / 2026-02-09

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида ҳазрат Алишер Навоий, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод таваллудига бағишланган “Сўз, тасвир ва салтанат даҳолари” кўргазмаси очилди.

Кўргазмада Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан яратилган энг сара асарлар намойиш этилмоқда.

Тадбирда қайд этилганидек, беш асрдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, буюк шоир, маърифатпарвар ва давлат арбоби Алишер Навоий асарларида кўтарилган муҳаббат ва маънавият, дўстлик ва садоқат, одоб-ахлоқ ва билим, инсонпарварлик, ўзини халқ ва давлатга бағишлаш, диний-тасаввуфий мавзулар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Ушбу мавзулар ҳамон замонавий жамиятимиз учун муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кўргазмада “Хамса” туркумидаги “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” достонлари ва бошқа ўлмас асарлардан илҳомланиб яратилган ижод ишлари намойиш этилмоқда.

Шарқ миниатюрасида мустаҳкам ўрнашиб олган Навоий сюжетларини талқин қилишнинг каноник анъанаси билан бир қаторда, янги ва ноодатий муаллифлик ёндашуви билан ажралиб турадиган ёш рассомларнинг асарлари алоҳида қизиқиш уйғотади. Улар орасида Фарида Рауфованинг “Баҳром ва Моний суҳбати”, “Баҳром Дилоромни кутиб олиши” асарлари илдизи қадимги даврларга бориб тақаладиган Хитой гравюраси услубидан фойдаланиб, ёрқин контраст ранглар гаммасида бажарилган.  

Асарларда, айниқса, рассомнинг либосларга бўлган қизиқиши яққол кўзга ташланади: қадимги Эрон шоҳининг кийимлари нозик деталлар билан ифодаланган. Искандар Зулқарнайн эса темурийлар даври либосида тасвирланган.  

Кўргазмада ўрин олган “Бобурнома” асарига бағишланиб ҳинд миниатюра мактаби услубида яратилган иллюстрациялар фикримизнинг ёрқин далилидир. Мафтуна Калбаеванинг “Бобур ҳаёти” лирик асарида Бобур созандалар қуршовида тахтда ўтирган донишманд ҳукмдор ҳамда қўлёзмаларини баҳорнинг майин шабадаси учириб кетаётган шоир образларида ўз аксини топган.

Гулноза Бобоева, ЎзА