Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсат идораси раҳбари Бахтиёр Саидов Ал-Кувайт шаҳрида “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирлари учинчи учрашувида иштирок этди.
Минтақа матбуоти ушбу анжуманни ёритиш асносида мамлакатимиз делегацияси иштирокини ҳам атрофлича таҳлил қилган.
Б.Саидов ўз маърузасида дастлаб Кувайтнинг Кўрфаз ҳамкорлик кенгашига раислиги даврида самарали фаолият юритганини юқори баҳолаб, конструктив мулоқот, яхши қўшничилик ва минтақавий интеграцияга асосланган бундай ёндашув давлатимиз сиёсатига тўлиқ мос келишини таъкидлаган.
Мақолаларда республикамиз юқори мартабали вакили икки минтақа ўртасида давом этаётган мулоқотнинг тарихий аҳамияти, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш геосиёсий ўзгаришлар жадаллашуви ва глобал таҳдид кучайиши нуқтаи назаридан стратегик заруратга айланганига эътибор қаратгани қайд этилган.

Қўшимча қилинишича, айни пайт Марказий Осиё ва Кўрфаз ҳамкорлик кенгаши давлатлари навбатдаги саммитига тайёргарлик қизғин кетяпти.
– Кувайт ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Али Ал-Яҳё жаноблари билан тобора ривожланиб бораётган шериклигимизни кейинги босқичга олиб чиқишнинг самарали усулларини ва кун тартибидаги бошқа долзарб мавзуларни муҳокама қилдик, – дейди Б.Саидов. – Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган анжуман алоқаларни чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлиб хизмат қилади. Муштарак қадрият, стратегик салоҳият ва якдил ёндашув билан ҳамкорлик тарихида янги саҳифа яратяпмиз.
Қайд этилишича, Самарқанд саммити бу жараёнда бурилиш нуқтаси бўлиб, умумий саъй-ҳаракатлар учун янги уфқлар очади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА