Форс кўрфази мамлакатлари Яқин Шарқда юзага келган кескин вазиятни ҳарбий эмас, айнан дипломатик йўл билан бартараф этиш мақсадида кенг кўламли ҳамкорлик механизмини шакллантиришга интилмоқда. Минтақада можаро чуқурлашуви нефть ва газ нархини кескин ошириши, натижада глобал иқтисодиёт барқарорлиги жиддий зарбага учраши мумкин.
Шу боис Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар расмийлари АҚШ Президенти Дональд Трампни Эрон билан музокара олиб боришга чақирмоқда. Минтақа давлатлари вазият назоратдан чиқиб кетиши, энергия ресурслари кескин қимматлашишидан хавотир билдирмоқда.
Қатарлик таҳлилчилар баҳолашича, агар минтақадаги муҳим денгиз йўллари узоқ муддатга ёпилса, табиий газ нархи мисли кўрилмаган даражага кўтарилиб кетади.
Эрон дронлари ҳужумидан кейин Қатар дунёдаги энг йирик суюлтирилган табиий газ (СТГ) ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири фаолиятини вақтинча тўхтатди. Оқибатда Европа бозорида газ нархи 50 фоиздан кўпроқ ошди. БААдаги йирик нефтни қайта ишлаш заводи ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан ишни чеклади.
Айни пайт Абу-Даби ва Доҳа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтириш чорасини кўрмоқда. Маълумотга кўра, Қатар ихтиёридаги “Patriot” зенит-ракета мажмуаларини тутиб қолувчи қурилмалар захираси ҳозирги шароитда бир неча кунгагина етади. Шу боис мамлакатлар хавфсизликни мустаҳкамлаш билан бирга можарони музокара орқали ҳал этиш тарафдори бўлиб қолмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА