Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Ноиф Ал-Ҳажраф билан учрашди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар ўртасидаги муносабат сезиларли даражада фаоллашиб, янги амалий мазмун касб этгани таъкидланди.
Илгари эришилган келишувлар, жумладан, 2021 йил имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котибияти ўртасида ўзаро маслаҳатлашув механизми бўйича Англашув меморандуми доирасида кўзда тутилган ишларнинг бориши кўриб чиқилди.
Н.Ҳажраф Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Ўзбекистонни минтақадаги асосий давлатлардан бири сифатида тан олишини таъкидлаб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. Кенгашнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик учун мавжуд улкан салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш ҳамда томонларни қизиқтирган барча соҳаларда алоқани йўлга қўйиш чорасини кўришга тайёрлиги қайд этилди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжановнинг маълум қилишича, мулоқот давомида бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан ҳам фикр алмашилди. Жумладан, икки минтақа ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга хизмат қиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқотининг жорий йилдаги биринчи йиғилишига тайёргарлик жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий долзарб масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинди. Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция якунларини ижобий баҳолади. Ўзбекистон томонидан ушбу мамлакатга ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган амалий ишлар муҳимлиги маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон ва Саудия Арабистони аъзо бўлган минтақавий ташкилот ҳисобланади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА