Тошкентда ўтказилган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирлари иккинчи йиғилиши иштирокчилари бугун Самарқандда бўлди.
Меҳмонлар Самарқанд зиёратини Амир Темур мақбарасидан бошлади. Соҳибқирон ва темурийлар тарихи, бунёдкорлик ишлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
– Самарқанднинг муқаддас тупроғида ислом оламининг машҳур уламолари, илму маорифнинг етук намояндалари етишиб чиққанлиги боис бу заминга интилувчилар кўп, – дейди Баҳрайн ташқи ишлар вазирлиги масъул ходими Носир аш-Шайх. – Биз ҳам ушбу муборак шаҳарга келганимиздан мамнунмиз. Тарихдан маълумки, ҳудудларимиз ўртасида қадимдан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб келган. Бизнинг бугунги ҳаракатларимиз келгусидаги муносабатларимиз учун замин яратади. Самарқандда биринчи бор бўлишим. Унинг таърифига сўз тополмаяпман. Ҳақиқатан ҳам туризм шаҳри.
[gallery-16945]
Меҳмонлар ташриф давомида Регистон майдони, Халқаро туризм маркази ва бошқа диққатга сазовор жойларни томоша қилди.
– Марказий Осиё билан ҳамкорлигимиз янада ривожланишига ишонаман, – дейди Саудия Арабистони вакили Сами Абдукарим. – Чунки, Кўрфаз араб давлатлари ҳам, Марказий Осиё давлатлари ҳам ҳамкорлик истиқболини исташади. Юртингизда ўтказилган йиғилишда келгусидаги ҳамкорлик атрофлича муҳокама қилинди. Ва бу жараёнда иштирок этганимдан мамнунман. Ўйлайманки, алоқаларимиз янги босқичга кўтарилади. Самарқанд ҳақида тўхталадиган бўлсак, бетакрор тарихийлик мужассам шаҳар экан. Ўзига хослик бор.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари