Корейс ракетаси учиш вақтида ҳалокатга учради
Жанубий Кореянинг космосга тижорат ракетасини учириш бўйича биринчи уриниши муваффақиятсиз якунланди.
“Innospace” маълумотларига кўра, “Hanbit-Nano” енгил учириш мосламаси Бразилиядаги Алкантара космик марказидан маҳаллий вақт билан соат 22:13 да учирилган, аммо учирилгандан тахминан 30 сония ўтгач, техник носозлик юз берган.
Шундан сўнг ракета белгиланган хавфсиз ҳудудга қайтиб тушган. Ҳодисада ҳеч ким жабрланмади ва моддий зарар ҳақида ҳозирча тафсилотлар аниқ эмас.
Учиш “YouTube”да жонли эфирда намойиш этилди, аммо парвоз пайти аланга кўрингач, трансляция тўхтатилди.
“Hanbit-Nano” учоғи Ернинг паст орбитасига жами саккизта фойдали юкни, улардан бештаси сунъий йўлдошларни етказиб беришга мўлжалланган эди. Ушбу парвоз дастлаб 22 ноябрга режалаштирилган эди, аммо ўшандан бери уч марта қолдирилди.
Г.Сатторова, ЎзА