Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги делегациясининг Корея Республикасига ташрифи самарали бўлди.
Кореянинг Сежонг шаҳрида Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев Корея қонунчилик тадқиқот институти раҳбари Ёнг Су Хан билан учрашди.
Мазкур институт Корея Республикасининг Бош вазири ҳузуридаги 26 та илмий-тадқиқот институтларидан бири бўлиб, асосий вазифаси ҳуқуқий сиёсат ва қонунчилик ҳужжатларининг таъсирини баҳолаш, тадқиқотлар ўтказиш ҳисобланади.

Учрашувда институт томонидан қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолашда молиявий, бюджет, ижтимоий, иқтисодий, атроф-муҳит, экология ва хавфсизликка таъсирини таҳлил қилиш, шунингдек, мазкур жараёнларда манфаатдор томонлар фикр-мулоҳазаларини ўрганиш бўйича илмий методология ҳақида маълумот берилди.
Норма ижодкорлиги жараёнларига сунъий интеллектни жорий қилиш ҳамда келгусида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солиш бўйича кореялик олимлар тажрибаси ўрганилди.
Томонлар амалий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида англашув меморандуми лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда имзолашга келишиб олди.
Н.Абдураимова, ЎзА