English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кореялик ректорлар Самарқандда
15:41 / 2023-03-28

Мамлакатимиз ва Корея Республикаси олий таълим муассасалари ректорлари форумида иштирок этган кореялик меҳмонлар бугун Самарқандда бўлди. Меҳмонлар кўҳна кент билан танишувни Мирзо Улуғбек музей-мажмуасидан бошлади.

Ўз даврида осмон илмида оламшумул кузатувлар амалга оширилган Улуғбек расадхонаси ва музейдан ўрин олган ноёб экспонатлар кореялик олимларда катта қизиқиш уйғотди. “Афросиёб” музейида меҳмонлар ушбу заминдаги қадимий шаҳар — Афросиёб ҳақида сўзловчи деворий суратлар ва у асосида тайёрланган видеофильмни томоша қилди.  

Ташриф давомида меҳмонлар Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдонида бўлиб, бой тарихимиз, маданий меросимиз билан танишди.  

[gallery-11166]

– Форум самарали бўлди, - дейди Кюнгпук миллий университети президенти, Корея университет таълими кенгаши раиси Ҳонг Вон-Хва. – Самарқанд саёҳати ҳам кутганимиздан аъло ўтди. Мен Амир Темур тарихига қизиқаман. Унинг мақбараси ҳақида ўқигандим. Билганларим бўйича буюк Темурнинг ўзига алоҳида мақбара қурилган деб ўйлардим. Аммо келиб кўрдимки, бу ерда у ва унинг авлодлари, ҳатто устозининг ҳам қабри бор экан. Бу темурийларга хос анъана бўлса керак. Ҳиндистонга борганимда Тожмаҳалда ҳам худди шундай ҳолатни кўргандим. Самарқандда бўлиб, танишиш, ўрганиш зарур бўлган кўплаб тарихий обидалар борлигига гувоҳ бўлдим. Чунки, бу юртда қадимдан илм-фан ривожланган. Шу боис яна келиш ва имкон борича, кенгроқ маълумотларга эга бўлиш ниятим бор.  

Меҳмонлар ташриф давомида самарқандлик ҳамкасблари билан фикр алмашиб, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.  

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА