Кореядаги ватандошимиз “Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди
2014 йил ушбу ресторан Жанубий Корея туризм ташкилотининг “туризм ресторани” сертификатини олиб, сайёҳлар учун хизмат кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Президентимизнинг 2019 йил 13 августдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, “Туризм фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилган эди.
Мазкур нишон мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари, жамоат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизни рағбатлантириш мақсадида топширилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизматидан маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонасида Сеулдаги “Лаззат” ресторани раҳбари Маҳмуд Абдуллаевга туризм соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Туризм фидойиси” кўкрак нишони топширилди.
2013 йилда фаолияти йўлга қўйилган Сеул шаҳридаги “Лаззат” ресторани мамлакат аҳолиси ҳамда чет эллик сайёҳлар орасида ўзбек миллий таомларини тарғиб қилиш, юртимизнинг гастрономик туризм салоҳиятини кенг ёйишга хизмат қилмоқда. 2014 йил ушбу ресторан Жанубий Корея туризм ташкилотининг “туризм ресторани” сертификатини олиб, сайёҳлар учун хизмат кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Бугунги кунда “KBS”, “JTBC” каби телеканаллар, туризм йўналишидаги интернет саҳифалари ва бошқа қатор оммавий ахборот воситалари “Лаззат” ресторани ва ўзбек миллий таомларига бағишланган туркум кўрсатув ҳамда материалларни кенг аудиторияга тақдим қилиб келади.
Ресторан мамлакатда ўтказиладиган турли халқаро фестиваллар, жумладан, “Seoul International Fair”, “Itaewon Global Cultural Festival”, “Embassies Day in Seoul” ва бошқа тадбирларда қатнашиб, ўзбек миллий таомларини муносиб намойиш қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан Мустақиллик куни, Наврўз байрами ва бошқа миллий саналар муносабати билан ташкил этиладиган йирик тадбирларда юртимиз ошпазлик анъаналарини намойиш қилиш ва мамлакатимиз туризм салоҳиятини танитишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Маълумотларга кўра, “Лаззат” ресторани жамоаси ҳозирда Жануби-Шарқий Осиё, Европа ва Америка қитъасидан Кореяга сайёҳларни жалб қилувчи туристик компаниялар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаб, улар томонидан таклиф этилган туристларга ўзбек миллий таомлари орқали юртимизни танитиш ва келажакда уларнинг мамлакатимизга саёҳатларини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА