Бугунги кунда давлат бошқаруви жараёнларида сунъий интеллект технологияларининг роли тобора ортиб бормоқда. Шу мақсадда турли мамлакатлар ўртасида тажриба алмашиш ва илғор амалиётларни жорий этишга қаратилган халқаро учрашувлар мунтазам ўтказилмоқда.
Бундай халқаро форумлар давлат бошқарувида илғор тажрибаларни ўрганиш, янги технологияларни татбиқ этиш ҳамда сунъий интеллектни амалиётга жорий этиш бўйича самарали платформа вазифасини бажаради.
Корея Республикасида 28–30 октябрь кунлари ўтказилаётган “Давлат хизматларида сунъий интеллект” халқаро форумида мутахассислар давлат бошқарувида рақамли технологияларни жорий этиш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилмоқда.
Форумда Ўзбекистон делегацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Тадбирда Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти директори Анвархўжа Қодиров ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги вакиллари мамлакатимизда амалга оширилаётган рақамли трансформация тажрибасини тақдим этди.

Муҳокамалар давомида давлат тизимида инновацион ёндашувларни жорий этиш, рақамли маълумотлар ва бошқарувни такомиллаштириш, рақамли ҳукумат учун зарур кўникмаларни ривожлантириш ҳамда давлат хизматчилари малакасини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Корея тажрибаси асосида сунъий интеллект (СИ) ечимларини амалиётга татбиқ этиш, инсон манфаатларига йўналтирилган, қулай ва самарали давлат хизматларини яратиш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилди.
Форум доирасида Буюк Британия тажрибасига асосланган “SI Inkubator” модели орқали сунъий интеллектга таянган давлат хизматларини лойиҳалаш, шунингдек, “GovTech” модели асосида технологияларни давлат бошқарувига интеграция қилиш ва стратегик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир иштирокчилари давлат хизматларида сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш, рақамли бошқарувни ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг янги шакллари юзасидан тажриба алмашдилар.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА