Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кореяда Ўзбекистон туризм салоҳияти эътироф этилди
14:25 / 2023-08-17

Жанубий Кореяда ўтказилган “Korea International Tourism Show – KITS-2023” халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистоннинг туризм бренди кенг намойиш қилинди.

Миллий стендимиздан мамлакат туризм салоҳияти акс этган фотосуратлар, ҳунармандлик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги, ипакчилик маҳсулотлари ва бошқа халқ амалий ижоди турли намуналари ўрин олган.

Кўргазмага келганлар юртимизнинг диққатга сазовор туризм йўналишлари, ЮНЕСКО маданий мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларнинг қадимий тарихи, маданияти, ҳукуматимиз томонидан замонавий сайёҳлик инфратизимини яратиш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан танишдилар.

Иштирокчиларга Самарқанд шаҳрида барпо этилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази имконияти тўғрисида тарқатма материал тақдим этилди.

Анжуман доирасида Жанубий Корея сайёҳлик операторлари билан учрашувлар, қўшма турлар ташкил қилиш юзасидан музокара ўтказилди. Мезбонлар жорий йил 15-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Тошкент халқаро туризм ярмаркаси”да қатнашиш шарти билан таништирилди. Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Тошкент давлат шарқшунослик университети томонидан мамлакатимиздаги буддизм ёдгорликлари ҳамда Риштон, Бойсун, Чуст, Янгиқўрғон шаҳарлари тарихи, маданияти ва урф-одати ҳақида корейс тилида тайёрланган тарқатма материал ташриф буюрганларда илиқ таассурот қолдирди.

Кўргазма меҳмонлари стендимиз билан танишар экан, юртимиз туризм салоҳиятини юқори баҳолади ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

“KITS” Жанубий Кореяда ўтказиладиган энг йирик халқаро ярмарка ҳисобланади. Бу галги тадбирда саксондан зиёд мамлакатнинг 800 дан кўпроқ сайёҳлик фирмаси ва компанияси вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирок этди.

ЎзА