Ўзбекистон – Корея Республикаси муносабатларида спорт турлари бўйича терма жамоалар ўртасида ўтказилаётган қўшма машғулотлар туфайли халқаро спорт майдонларида кураш, таэквондо, қишки спорт турлари каби йўналишларда ўзига хос ютуқлар қўлга киритилмоқда.
Ўтган йилнинг 15-22 ноябрь кунлари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг мутахассис ва мураббийлардан иборат делегацияси Кореянинг Кюнгдонг ва Воосук олийгоҳларида бўлиб, назарий ва амалий машғулотларда тажриба оширди.

Мазкур ҳамкорлик доирасида куни кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига Корея Республикасининг Кюнгдонг университети вице президенти Леэ Ёунг Хоон бошчилигидаги 40 га яқин спорт таълими мутахассислари, спортчи-талабалар келди.

Улар билан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Рашид Маткаримов, спорт таълими олимлари учрашиб, истиқболдаги лойиҳаларни муҳокама қилди. Халқаро спорт майдонида рўй бераётган воқеалар, ўзгаришлар, алоҳида спорт турларининг техник-тактик тамойиллари хусусида фикрлашилди.

Шунингдек, кореялик спорт таълими мутахассислари ва спортчи-талабалар университетда ўтказилган ўзбек адабиётининг икки забардаст вакили Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган адабий-маърифий тадбирда иштирок этди.
Хорижлик меҳмонлар кураш, таэквондо, бокс, футбол каби спорт турлари бўйича олиб борилаётган назарий ва амалий машғулотларда қатнашди. Мураббийларга ўз тажрибаларидан келиб чиқиб тавсиялар берди.
Делегация аъзолари пойтахтимиздаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейи билан танишув асносида Ўзбекистон спортининг шонли тарихи, ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларидаги ютуқлари, юртимизда олимпия ҳаракати тизимида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди.
Т.Рўзиев, ЎзА