Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корея Республикасига заъфарон экспорт қилиш бўйича келишувга эришилди
10:42 / 2021-06-03

“BMB Trade Group” ва KGH (Корея Республикаси) компаниялари вакиллари ўртасида B2B форматида учрашув бўлиб ўтди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган музокараларда “BMB Trade Group” компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва ”KGH” компанияси бош директори Хён Ким иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстлик ҳамда ишончга асосланган ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилди.

Қайд этиш лозимки, икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо айланмаси ҳажми ўсиб, ишбилармонлар ўртасидаги кооперация алоқалари кенгаймоқда. Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда ҳам мазкур ижобий динамика алоҳида таъкидланар экан, икки давлат ўртасида ўрнатилган дипломатик муносабатларга 30 йил тўлгани ҳам ўзига хос рамзий маъно касб этиши айтиб ўтилди. Шу билан бир қаторда, икки мамлакат компаниялари ўртасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп эканлиги қайд этилди.

Очиқ ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда икки компания ўртасида соғлиқни сақлаш, халқ табобатини ривожлантириш, шифобахш ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда илгари суриш, шунингдек, заъфарон маҳсулотини экспорт қилишга оид ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Мазкур келишув асосида экспорт қилинган ўзбек заъфарони “KGH” вакиллари томонидан атторлик, гигиеник , крем ва хушбўй совун каби кенг ассортиментдаги косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда табиий тоза хомашё сифатида фойдаланилади. Бунинг учун ҳар икки томонда ҳам зарур салоҳият мавжуд.

Якунда ушбу келишувни амалга ошириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ҳамда «Йўл харитаси» белгилаб олинди.

Маълумот учун, KGH компанияси косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, хусусан, халқ табобати соҳасида хизматлар кўрсатиш йўналишида нафақат Корея Республикаси, балки Осиёда ўз нуфузига эга компания ҳисобланади.  

Бутун дунёда бўлгани каби ушбу мамлакатда ҳам заъфарон парфюмерия ва гигиеник товарларни тайёрлашда кенг қўлланилиши баробарида, кореялик табиблар томонидан тавсия этиладиган доривор ўсимликлар орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА