Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корея Республикаси элчиси билан учрашув
18:52 / 2022-02-09

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Корея Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чже Квонни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси якунлангани муносабати билан қабул қилди.

Вазир элчининг икки томонлама дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини эътироф этди.

- Жаноб Кан Чже Квоннинг Ўзбекистондаги элчилик фаолияти жуда қизғин кечди, - деди А.Комилов. – Ўтган давр мобайнида давлатларимиз раҳбарларининг турли шаклдаги учрашувлардан тортиб, ҳукуматлар, вазирлик, идоралар, парламентлар ўртасидаги шериклик аввал мисли кўрилмаган юқори босқичга кўтарилди. Ташқи ишлар вазирларининг доимий ва сермазмун мулоқотини алоҳида таъкидлаб ўтишим керак. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг учрашувлари ҳам мунтазам тус олди. Ўзбекистон ва Корея халқларининг тарихан яқинлиги кейинги йилларда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлигимиз изчиллик касб этиб, тобора мустаҳкамланишида намоён бўлмоқда. Энг муҳими, олий даражадаги ташрифлар, мулоқотлар давомида эришилган келишувлар босқичма-босқич амалга ошириляпти.

Корея элчиси ўз навбатида фаолияти мобайнида Ўзбекистонда ишлашдек бахт насиб этганидан беҳад мамнунлигини изҳор этди.

- Дипломатлар орасида “Элчининг хет-триги”, деган норасмий бир тушунча бор, дейди Кан Чже Квон. – Ушбу мақомга айнан Ўзбекистонда эришганимдан жуда хурсандман. Яъни, менинг элчилик давримда мамлакатларимиз ўртасида жамиятнинг энг юқори уч бўғини даражасида – Давлат етакчиларининг олий даражадаги ўзаро учрашувлари, парламентлар ҳамда Олий суд тизими раҳбарлари иштирокидаги икки томонлама мулоқотлар ташкил этилди. Асосийси, Ўзбекистон – Корея муносабатларининг ривожланиш жараёни аниқ натижаларда акс этмоқда.

Суҳбат чоғида аввал эришилган келишувларни амалга оширишда давом этиш, бўлажак тадбирлар жадвалини такомиллаштириш ва томонларни қизиқтирган турли соҳаларда ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Элчи Ўзбекистонда ўз фаолиятини амалга ошириш учун яратилган қулай шароит ва кўрсатилган кўмак учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорлик билдирди.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА