Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корея Республикаси билан 100га яқин инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда
10:31 / 2022-10-24

Шу йилнинг 18-21 октябрь кунлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг Ишчи гуруҳи Корея Республикасига ташриф буюриб, Корея вазирлик ва идоралари вакиллари, компаниялар раҳбарияти билан бир қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.

Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.  

Учрашувларда икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги вакиллари билан ўтказилган ишчи учрашувларда Ўзбекистон Республикасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, электрон тижоратни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.  

Охирги беш йил ичида товар айирбошлаш икки бараварга ошиб, 2021 йилда 1,8 миллиард долларга, 2022 йилнинг январь-август ойларида эса 1,6 миллиард долларга етди. Икки давлат ўртасида Эркин савдо битимини имзолаш бўйича ишларни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.  

Инвестициявий ҳамкорлик изчил кенгайтирилаётгани қайд этилди. Айни пайтда Ўзбекистонда Корея компаниялари билан биргаликда умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган 100 га яқин инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.  

Томонлар долзарб муаммоларни ҳал этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида ҳар ойда ўтказиладиган Ўзбекистон-Корея виртуал тижорат мулоқотига асосланган янги ўзаро ҳамкорлик механизмини жорий этишга келишиб олдилар.  

Шунингдек, Корея технологияларни ривожлантириш институти раҳбарияти, Корея Эксимбанки ва Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОIСА) билан ишчи учрашувлар ўтказилиб, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури шакллантирилди.  

 

ЎзА