Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда Корея Республикасининг “Ecofarm Global Co.” компанияси раҳбари Лим Санг Ҳва ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда кореяликлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилган икки йирик истиқболли лойиҳа муҳокама қилинди.
Биринчи лойиҳа Наманган – Тошкент йўналишида замонавий Карвонсарой, савдо маркази, ресторан, дам олиш маскани ва автотураргоҳ барпо этишни ўз ичига олади. Лойиҳа Чуст туманидаги “Фарғона ҳалқа автомобиль йўли – “А-373” ҳудудида етти гектар майдонда амалга оширилади. Лойиҳанинг қиймати 5 миллион долларни ташкил этиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобига молиялаштирилади. Марказ йилига 100 минг йўловчига хизмат кўрсатади ва натижада 50 та янги иш ўрни яратилади.


Иккинчи лойиҳа эса замонавий логистика маркази ва темир йўл терминали қуришдан иборат. Ушбу лойиҳа Наманган вилояти Чуст туманидаги “Наманган” эркин иқтисодий зонасида 10 гектар майдонда амалга оширилади. Лойиҳа қиймати 50 миллион доллар бўлиб, паст ҳароратли омборхоналар ва йўловчилар учун темир йўл терминали барпо этилади. Бу марказ йилига 100 минг тонна маҳсулотни сақлаш қувватига эга ҳамда унда 100 та иш ўрни яратилади.

Таъкидлаш лозимки, ҳар икки лойиҳа ҳам Наманган вилоятининг транспорт ва савдо инфратузилмасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА.