Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корея компанияси 65 миллион долларлик лойиҳани амалга оширмоқда
15:25 / 2023-03-15

Кореянинг “POSCO International” корпорацияси Фарғона вилоятида йирик лойиҳани амалга ошираётган бўлиб, қўшимча инвестициялар киритишни режалаштирмоқда.

Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йил март ойида Кореяга ташрифи доирасида Инчхон шаҳрида “Posco International” корпорацияси раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, қиймати 65 миллион доллар бўлган ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Келишув доирасида “Posco International” томонидан 2022 йил давомида биринчи босқичда вилоятга 21 миллион долларлик инвестиция киритилиб, 9 миллион долларлик аралаш мато ва аралаш ип ишлаб чиқариш линияси учун дастгоҳлар олиб келинди, Ёзёвон туманида лойиҳа қиймати 8 миллион доллар бўлган пахтани қайта ишлаш заводи қурилиши деярли якунланди.  

Жорий йил апрель ойида фойдаланишга топшириладиган завод ҳудудида алоҳида Фермерлар маркази ҳам барпо этилаётган бўлиб, ушбу марказдан фермерлар учун банк хизмати, бухгалтерия маркази, компьютер хизматлари, дам олиш жойлари ва бошқа қулайликлар ўрин олади. Корхонада 250 нафар ёзёвонликлар бандлиги таъминланади. Йиллик 20 минг тонна чигитни қайта ишлаш қувватига эга ёғ заводи эса жорий йил сентябрь ойида иш бошлайди. Шунингдек, туманда ҳозиргача жами 430 гектар майдонда томчилаб суғориш тизими жорий этилди, кластер фаолияти учун умумий қиймати 2,5 миллион доллар бўлган қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келинди.

“POSCO International” корпорацияси президенти Чон Так вилоят ҳокими билан учрашувда Ёзёвон тумани ҳудудида ўтган йилда Корея компанияси томонидан ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, “POSCO textile Fergana” корхонасида мавжуд ишлаб чиқаришни модернизация қилиш бўйича амалга оширилган ишлар, келгусида режалаштирилаётган лойиҳалар муҳокама қилди. Мулоқот чоғида шунингдек, пахта етиштиришдан тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи қамраб олувчи ишлаб чиқариш занжирини тўла йўлга қўйиш, бунда Корея бозори талабларига мос момиқ сочиқлар ишлаб чиқариш, шунингдек, бўялган мато ҳамда аралаш ва бўялган газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш каби масалалар ҳам муҳокама этилди.

М.Сулаймонов, ЎзА