Сеул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Корея Эксимбанки президенти Банг Мун Кью билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида ўзаро муносабат фаоллиги ҳамда Корея Республикасининг EDCF Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда молиялаштирилаётган ва амалга оширилаётган лойиҳалар сони ўсиши ижобий суръати қайд этилди. Жумладан, 2014-2017 йилларда Эксимбанк билан ҳамкорликда қарийб 180 миллион долларлик 4 лойиҳа ҳаётга жорий этилган бўлса, 2018-2020 йилларда 660 миллион долларлик 7та лойиҳа амалга оширилди. Банк билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилмавий ривожланиш соҳаларидир.
Мулоқот давомида ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш жараёнини жадаллаштириш мақсадида ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни тайёрлаш, ўрганиш ва тасдиқлашни тезлаштириш имконини берувчи механизм кўриб чиқилди.
Ўзбекистон томони мамлакатда янги инвестиция лойиҳаларини имтиёзли молиялаштириш ҳажмини 1 миллиард долларгача кўпайтириш юзасидан қабул қилинган қарор учун миннатдорлик билдирди. 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури умумий қиймати 1,2 миллиард долларга тенг бўлган 13та лойиҳадан иборат бўлади. Томонлар ушбу лойиҳаларни фаол илгари суриш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича яқин ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олдилар.
Электротехника, биофармацевтика, металлургия ва кимё саноати соҳаларида янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун янги ташкил этилган EDPF Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси билан ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланди.
Музокара якунида томонлар муҳокама этилган соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича тизимли ишларни давом эттиришга содиқлигини билдирди. Шунингдек, қиймати 88,8 миллион доллар бўлган Ўзбекистон Республикаси тиббиёт муассасаларини асбоб-ускуна билан жиҳозлаш ҳамда 150 миллион долларлик онкологик клиника қуриш лойиҳалари бўйича қарз шартномалари имзоланди.
Г.Сатторова,
ЎзА