Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корея делегацияси ИНХА университетида
11:45 / 2022-02-16

Корея Республикаси Ички ишлар ва хавфсизлик вазири ўринбосари Ко Гю Чанг бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи доирасда Тошкент шаҳридаги Инха университетига борди.

Мазкур ўқув юрти Кореянинг энг нуфузли олий таълим муасассаларидан бири ҳисобланадиган ИНХA университетининг юртимиздаги филиали бўлиб, IТ соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида очилган. Ушбу университетда компьютер, дастурий инжиниринг, бизнес бошқаруви ва логистика йўналишлари бўйича мутахассис тайёрланади.

Тадбир доирасида Корея вакиллари дастлаб жорий йил университет қошида ташкил этилган “King Sejong Institute” (Қирол Сежонг Институти) корейс тилини ўрганиш маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Сўнгра хорижлик мутахассислар “Рақамли ҳукумат” мавзусидаги семинарда иштирок этдилар. Йиғилишда халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг халқаро индекслар кўрсаткичи асосида Ўзбекистонда электрон ҳукумат ривожланишини баҳолаш методологияси, айни жараёнда халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоиз, электрон ҳукуматни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон - Корея изчил ҳамкорлиги йўлга қўйилган.

Учрашув давомида Кореялик экспертлар иштирокида ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқилиши, мазкур ҳужжат республиканинг телекоммуникация технологиялари, тармоқлари ва инфратузилмасини ривожлантириш, инфотизим ва маълумотлар базасини яратиш йўналишларини қамраб олиши таъкидланди.

— Рақамли трансформация жараёнида фуқароларга қулайлик яратишга қаратилган электрон ҳукуматни ривожлантириш масаласи муҳим ўрин тутади, — дейди Ко Гю Чанг. Мазкур вазифани амалга оширишда илғор халқаро тажрибани қўллаган ҳолда юқори малакали IТ кадрлар тайёрлаш зарур.

Хорижий меҳмонлар иқтидорли талабалар томонидан ихтиро қилинган “Start up” лойиҳалари тақдимотини диққат билан кузатиб, ҳукуматимизнинг Тошкент шаҳри ва барча ҳудудларда дастурлаш мактаблари ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА