Ўзбекистоннинг энг яқин ҳамкор давлатларидан бири, бу – Корея бўлиб, икки мамлакат ўртасида давлат даражасида ҳамкорлик бўйича келишувлар мавжуд.
Корея Республикаси билан олий даражада эришилган келишувлар ижросини таъминлашга қаратилган «Йўл харита»лари ҳам тасдиқланган.
Бу амалий ҳаракатлар режалари («Йўл харита»лари») Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган.
Сенат биносида Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг навбатдаги мажлисида «Йўл хариталари»нинг бажарилиши муҳокама қилинди
Сенат раиси, Комиссия раиси Танзила Норбоева «Йўл харита»ларида белгиланган ҳар бир масала ижроси халқ фаровонлигига дахлдор эканини, уларни ўз вақтида бажариш зарурлигини таъкидлади.
Мажлис аввалида Корея Республикаси билан олий даражада эришилган келишувлар доирасида қатор ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Умумий қиймати 5 млрд. долларга тенг 40 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Бинобарин, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 22 тармоқ жадвали тасдиқланган, қолган 18 таси Корея томони билан келишилганидан сўнг тасдиқланиши назарда тутилган.
[gallery-8113]
Амалий ишлар натижасида Жиззах вилоятида оптик тола ишлаб чиқариш кенгайтирилмоқда. Қўшимча 3 та оптик толали (ftth/drop) кабель ишлаб чиқариш ускуналари келтирилиб ўрнатилган.
Фарғона вилоятида Корея Республикаси тажрибаси асосида «Касбий таълим маркази» ташкил этилди. Бугунги кунда марказ биноси тўлиқ қуриб битказилиб, Корея Республикасидан келтирилган ўқув жиҳозлари билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилоятида юрак-қон томир дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тармоқ жадвали тасдиқланиб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Сенат раиси «Йўл харита»ларида белгиланган айрим вазифалар ўз вақтида амалга оширилмагани танқид қилди. Хусусан, «йўл хариталари»даги 116 та банддаги вазифаларнинг 5 таси бажарилган, 77 таси бажарилмоқда, 34 тасининг (29 фоизи) ижроси кечиктирилган.
Мажлисда Корея Республикаси билан соғлиқни сақлаш соҳасида, жумладан, касалликларнинг олдини олиш ва уларга қарши чора кўриш бўйича ҳамкорлик битими имзоланмагани қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан минтақавий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ва Ҳукумат қарори лойиҳасини қабул қилиш кечиктирилмоқда.
Энергетика вазирлиги томонидан Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги билан ҳамкорлик йўналишларини белгилаш бўйича вазифалар ижроси таъминланмаган.
Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбалари асосида маҳаллий электр станцияларини қуриш бўйича хорижий ҳамкорни аниқлаш учун тендер ўтказиш ишлари ўз вақтида бажарилмаган.
Мажлисда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан хорижий инвестицияларни жалб қилишни мувофиқлаштириш ва мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилиш бўйича ишлар етарли даражада олиб борилмаганлиги қайд этилди.
«Йўл харита»лари ижросига масъулиятсизлик билан ёндашган Энергетика вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг батафсил ахборотлари эшитилди.
Мажлисда вазирлик ва идоралар раҳбарларининг масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилиниб, «йўл хариталари»да белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ҳамда натижалари юзасидан Комиссияга ахборот киритиш топширилди.
Мажлис якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олган ҳолда Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА