Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Корея билан ҳамкорлик самараси
19:18 / 2026-01-19

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш белгиланган.

Мазкур қарор асосида “Ўзбекистон Республикаси фитосанитария хизмати салоҳиятини ривожлантириш, ўсимликлар карантини чегара пунктларини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида умумий қиймати 6,7 миллион АҚШ долларига тенг грант маблағи ҳисобидан ўсимликлар карантини чегара пунктлари фаолиятини такомиллаштириш режалаштирилган эди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 декабрда Корея Республикасига амалга оширган расмий ташрифи доирасида Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОИCА) ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ҳамкорлик дастури имзоланган бўлиб, мазкур ҳужжат икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ушбу ҳамкорлик доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳузуридаги марказий фитосанитария лабораториясининг моддий-техник базаси изчил мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда ушбу лаборатория нафақат ҳудудий, балки республика миқёсида фитосанитария хизматларини халқаро стандартлар асосида амалга ошириш имкониятига эга бўлган муҳим марказлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Жанубий Кореянинг нуфузли KOICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини фитосанитария назоратидан ўтказиш, зараркунандалар ва ўсимлик касалликларини аниқлашга қаратилган лойиҳа изчил амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида лаборатория замонавий ва юқори технологик ускуналар билан жиҳозланмоқда.

Янги ускуналар фитосанитар таҳлиллар ўтказиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириб, карантин остидаги маҳсулотларда зарарли организмларни аниқлаш ҳамда уларни халқаро стандартлар асосида баҳолаш имконини бермоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга тайёрлаш жараёнида талаб этиладиган фитосанитария сертификатларини тез ва ишончли расмийлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бундан ташқари, лаборатория салоҳиятини ошириш ходимларнинг касбий малакасини ривожлантириш билан узвий боғлиқ. Шу мақсадда Жанубий Кореядан жалб қилинган малакали мутахассислар томонидан фитосанитария ходимлари учун янги ускуналардан фойдаланиш, уларни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро диагностика методологияларига оид махсус ўқув-тренинглар ташкил этилмоқда.

KOICA томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикасида фитосанитария хизматлари салоҳиятини ошириш, чегара божхона пунктларида замонавий лаборатория тизимларини жорий этишни назарда тутади. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бу йўналишда сезиларли ижобий натижаларга эришилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига тегишли марказий фитосанитария лабораторияси биносини мукаммал таъмирлаш белгиланган. Ҳозирги кунда ушбу объект бўйича смета ҳужжатлари тайёр бўлиб, қурилиш ташкилотини аниқлаш жараёнлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси “Довут-ота” чегара божхона пости ҳудудида ҳам товарларни фитосанитария назоратидан ўтказиш учун янги лаборатория ташкил этилмоқда. Мазкур лабораториянинг ишга туширилиши экспорт билан бирга импорт қилинаётган карантин остидаги маҳсулотларни ҳам ҳудуднинг ўзида экспертизадан ўтказиш имконини яратиб, тадбиркорлар учун қулай шароит ва вақт тежамкорлигини таъминлайди.

Марказий фитосанитария лабораторияси ҳамда “Довут-ота” божхона пости ҳудудида ташкил этиладиган лабораториялар таъмирлаш ишлари якунлангач, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилади. Шундан сўнг, ушбу лабораторияларда замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган фитосанитария экспертизалари амалга оширилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири