French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўприк таъмирлана бошлади
12:05 / 2025-09-30

ЎзА танқидидан сўнг

Ўтган йилнинг июнь ойида сайтимизда “Омонат кўприк” сарлавҳали танқидий мақола чоп этгандик. Унда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Аччиғи маҳалласига қарашли Чақар қишлоғини оралаб оқиб ўтган “Танҳоздарё” устига қурилган ва Чақар қишлоғини дарёнинг нариги қирғоғи билан боғлаб турувчи асосий восита ҳисобланган, сел сувлари натижасида омонат ҳолга келиб қолган кўприк ҳақида ҳикоя қилгандик. 

Қишлоқ одамлари асосий қишлоқ хўжалик ерлари ва экин майдонлари дарёнинг нариги томонида экани, бундан ташқари у томонда ҳам янги хўжаликлар яшаётгани, шу боис кўприк жуда муҳим восита эканини таъкидлашганди. 

Кўприк ўтган асрнинг 80-йилларида қурилган бўлиб узунлиги 36 метрни ташкил қилади. Аммо ўтган йиллар давомида бирор марта ҳам таъмирланмаган. Ўшанда масъуллар дарё суви пасайгач, ёнидан вақтинчалик йўл қуриб берилиб, кўприк қурилиши бошланишини айтишганди. 

Орадан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, ниҳоят кўприк таъмирига киришилибди. Биз ҳам манзилга такрор бориб, жараённи кузатдик. Ҳақиқатдан кўприк қурилиши ишлари авжида. Таянч бетон устунлар қоқиб бўлинган. Плиталар келтирилган. Устунларни бетонлаш учун металл панжаларни тўқиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мақсадида қурувчилардан бирини суҳбатга чорладик.

– Лойиҳага кўра, кўприкнинг узунлиги 54 метр бўлиб, машиналар ўтиши учун мўлжалланган қисми 4,5 метр, икки тарафдан бир метрдан пиёдалар ўтиш йўлакчаси қолдирилган, – дейди “Ўзйўлкўприккластр” Қашқадарё филиали иш юритувчиси Аброр Кўчаров. – Кўприк учта таянч оралиғидан иборат бўлиб, ҳар бир оралиққа 18 метрлик учта плита қўйилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этади. Қурилиш ишлари жорий йилнинг август ойида бошланди. Насиб бўлса, йил охирига қадар якунлашни режалаштиряпмиз. Юк кўтариш қобилияти 120 тонна. Қирғоқ қисмида икки томонидан 10 метрдан 20 метр қанот ҳимоя қисми ҳам бетонланади. Ҳозир олдинги ва орқа таянч қозиқларни қоқиш ва кўтариш ишлари олиб борилмоқда. Қатламлар ўрнатилган. Лойиҳага кўра, кўприк 50 йилдан ортиқроқ муддатгача хизмат қилиши кафолатланган. 

Кўприк қурган савоб, деган нақл бор халқимизда. Чақарликлар ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан мамнун. Уларнинг қай бири билан гаплашманг, шукроналик туйғуларини изҳор қилади.

[gallery-25532] 

– Қишлоқ хўжалик экинларимиз асосан дарёнинг нариги томонида. Шу мақсадда қурилган бу кўприк, – дейди шу қишлоқлик Сувон Алимардонов. – 2020 йилда ҳам бир сел олиб кетиб, қирғоғи таъмирланган эди. Ўтган йили сув нариги томонидаги қирғоғини ювиб кетди ва кўприкнинг ўзи эгилиб, хавфли бўлиб қолганди. Мана қайта таъмирланяпти. Бундан жуда хурсандмиз. Насиб этса, мустаҳкам қилиб қуриляпти, узоқ йиллар аҳолимизга хизмат қилади, деган умиддамиз.

Кўприк масаласида келганимизни эшитган “Аччиғи” МФЙ раиси Тўлқин Очилов биз билан суҳбатда кейинги йилларда бошқа ҳудудлардаги каби маҳаллада ҳам кўплаб бунёдкорлик ишлари бўлаётгани ва бу аҳолининг турмуши фаровонлашувига хизмат қилаётганини таъкидлади. 

– Маҳалламизда 1 минг 243 та хонадон, 1 минг 506 та оила мавжуд, – дейди “Аччиғи” МФЙ раиси Т.Очилов. – Охирги икки йил ичида маҳалламизда кўплаб ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Ўтган йилнинг ўзида 125 ўринли давлат мактабгача таълим муассасаси, 280 ўринли мактаб, оилавий поликлиника янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда эса қарийб 600 миллион сўм маблағ эвазига суғориш тизими учун насос станцияси қурилди. Бундан ташқари, 301 та таянч устун ўрнатилиб, 11 километр узунликда ҳаво линияси тортилди, 3 та трансформатор олиб келинди. Ҳозир ушбу ишлар якунланиш арафасида. Энг муҳим янгиликлардан бири, кўприк қурилиши бошланган. Бу аҳолимиз учун аҳамиятлидир. Чунки баҳор ва қиш мавсумларида кучли ёғингарчилик натижасида мавжуд кўприк анча таъмирталаб бўлиб қолганди. Қурувчилар йил охиригача ишни якунлашни айтишмоқда. Бундан жуда хурсандмиз. 

Албатта, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти ҳам аслида шу – одамларни рози қилиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш. Бунга Аччиғи маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари яққол мисол бўлади. 

Ўлмас Баротов, 

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА