Жорий йилнинг 13 октябрь санасида Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари барқарорлиги, тараққиёт ва фаровонлигига рахна солаётган радикализмга алоҳида тўхталиб, унинг ёшлар орасида кенг тарқалаётганлиги, бундай хавф-хатарларга қарши курашда ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга алоҳида эътибор қаратди: «Биз радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келмоқдамиз. Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги усулларидан фойдаланган ҳолда, экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда. Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрати ва азми-шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак».
Дарҳақиқат, дунёнинг турли бурчакларида диний экстремизм ва радикализмнинг кенг ёйилиши мамлакатлар тинчлиги, минтақалар хавфсизлигига катта рахна солмоқда.
Диний экстремизм, радикализм ва терроризмга қарши курашнинг хориж тажрибасини ўрганиш, ибратли жиҳатларини ўзлаштириш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш мавжуд давлатларнинг барчаси учун бир хилда зарур ва фойдали. Шу боис Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти профессори, Миср ташқи ишлар кенгаши аъзоси Халил Мона Абдул Малик хоним билан Араб-ислом оламида диний экстремизм ва терроризм муаммосига биринчилардан бўлиб дуч келган Миср Араб Республикасининг бу борадаги бой тажрибаси ҳақида суҳбатлашдик.
– Профессор Халил Мона Абдул Малик хоним, бугунги кунда ёшларнинг радикаллашувига таъсир кўрсатаётган ички ва ташқи омиллар ҳақида фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ёшларнинг радикаллашувига бир қанча омиллар таъсир кўрсатмоқда, улар орасида мен иқтисодий ва аксиологик омилларни ажратиб кўрсатган бўлардим. Иқтисодий омилга – турмуш даражасининг пастлиги, ишсизлик, оғир меҳнат шароити, аҳолининг саводсизлиги, ўрта таълимнинг кескин паст даражаси, сифатсиз тиббий хизмат киради. Бу ҳолатларнинг барчаси ижтимоий адолатсизлик ва ички умидсизлик ҳиссини келтириб чиқариши мумкин, айниқса ҳар доим эҳтирос, куч ва ҳиссиёт билан ажралиб турадиган ёшларда бу ҳолатлар янада яққол намоён бўлади. Ўз навбатида, радикал диний оқимлар ижтимоий адолатсизликдан ҳаддан ташқари қизиб кетган ёшларнинг бу ҳиссий қувватидан фойдаланиб, уларни ўз сафларига жалб этиш учун уларга глобал адолатсизликка қарши эзгу кураш йўлини ваъда қилишмоқда ва уларнинг фикрича, бундай адолатсизлик, қоида тариқасида маълум бир мамлакат ёки бутун минтақанинг давлат режимлари томонидан ифодаланади.
Аксиологик омил ҳақида гапирганда, шуни таъкидлаш керакки, ёшлигида инсон келажакда унинг бутун шахсияти қуриладиган ўз қадрият йўналишларини, борлиқ ҳақидаги фикрларини шакллантириб боради ва бу шакллантиришни тугатади. Шу сабабли, ёшлар кўпинча атрофдаги воқеликни оддий тушунтиришга даъво қиладиган, гўёки, олижаноб вазифа ва юқори қиймат салоҳиятига эга бўлган оддий ҳаётий мақсадларни таклиф қиладиган ғоялар ҳамда таълимотларга иштиёқ билан қарашади. Бу ерда радикал ҳаракатлар шундай ёшларнинг ҳаёт мазмунини топишга бўлган ички талабини, шунингдек, ўз аҳамияти ва ўзига хослигини қондиради. Эслатиб ўтаманки, гўёки, юксак идеаллар билан бирлаштирилган маълум бир гуруҳга мансублик кўпинча ёшликда психологик қулайликни таъминлайдиган муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
– Миср ҳукуматининг ёшлар радикаллашувига қарши ҳозирги сиёсати ҳақида қисқача маълумот берсангиз.
– Ҳозирда Миср ҳукуматининг ёшлар радикаллашувига қарши сиёсати бир неча йўналишда амалга оширилмоқда. Улардан биринчиси ва эҳтимол, энг муҳими — медиа соҳасидир. Бир неча йиллардан буён Миср кинематографияси радикал, шу жумладан, террористик ташкилотлар ва улар билан курашаётган мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг саҳна ортидаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи юқори профессионал сериаллар ва бадиий фильмларни катта муваффақият билан яратмоқда. Қолаверса, кўпинча ҳақиқий воқеаларга асосланган бундай фильмларнинг сюжетлари нафақат ҳаяжонли ва ишончли, балки жаҳон кино яратиш нуқтаи назаридан ҳам юқори сифатга эга. Мисоллар орасида «Танлов», «Ташкилот», «Қарши ҳужум», «Қоҳира – Кобул» каби нуфузли сериаллар, шунингдек, «Пода» ва «Ҳужайра» фильмлари мавжуд.
Шу билан бирга, давлат ва хусусий телеканаллар ёшларнинг радикаллашуви ва давлат хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинадиган ўз дастурлари, ток-шоулари, ўйинлар ва интервьюларига эгадирлар.
Иккинчи йўналиш — Миср ёшлари билан бевосита ишлаш бўлиб, мамлакатда мунтазам равишда халқаро ёшлар тадбирлари ўтказилади ва улардан энг машҳури 2017 йилда Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳомийлигида Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида ташкил этилган Жаҳон ёшлар форумидир. Форум шиорига кўра, у «ёшлар томонидан тинчлик, фаровонлик, тотувлик ва тараққиёт хабарини бутун дунёга етказади». Бу форум ҳар йили ноябрь ойида бўлиб ўтиб, Миср ёшлари ва дунёнинг турли бурчакларидан келган йигитларни бирлаштиради, уларнинг экология, тадбиркорлик, ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқлари, технология ва рақамлаштириш, жаҳон энергетикаси келажаги, масофавий таълим ҳамда бошқа масалаларга бўлган қизиқишини рағбатлантиради.
Ўз навбатида, Миср ёшлар ва спорт вазири Ашраф Собҳи яқинда ўз бўлими томонидан ишлаб чиқилган ёшларнинг кейинги таълимини ривожлантиришга ёрдам берадиган, шунингдек, уларни муносиб иш билан таъминлайдиган раҳбар ёхуд тадбиркор бўлиш, яъни ўз мамлакати ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятини берадиган давлатнинг 2022-2027 йиллардаги миллий ёшлар стратегияси ҳақида хабар берди.
Ва ниҳоят, Мисрда ёш мисрликларни ривожлантириш, уларни мавжуд лойиҳаларга киритиш, шунингдек, жамият ҳаётига фаол жалб этишга қаратилган дунёвий ёшлар ташкилотлари ривожланмоқда. Бундай ташкилотларга «Миср ёшлар ва тараққиёт жамғармаси», «Миср ёшлари Федерацияси», «Мисрни севадиган ёшлар», «Миср авлодлари» ва «Йўналиш» каби ташкилотлар киради.
– Замонавий Миср тарихидан маълумки, мамлакат узоқ йиллар давомида радикализм, диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш олиб бормоқда. Айтинг-чи, Мисрнинг амалдаги Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси даврида давлатнинг мазкур хавф-хатарларга қарши кураш сиёсатида қандай муҳим ўзгаришлар юз берди?
– Дарҳақиқат, Мисрнинг террористик ва радикал ҳаракатларга қарши кураши узоқ тарихга эга. Аслида 1928 йилда «Мусулмон биродарлар» ҳаракати пайдо бўлганидан бери мамлакат раҳбарияти уларнинг фаолияти олдини олиш учун турли хил чораларни кўриб келмоқда. Бироқ, 2013 йил 30 июнда ўн миллионлаб мисрликлар (дастлабки маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг тахминан 57%) ўз шаҳарлари кўчаларига чиқиб, «Мусулмон биродарлар» ҳаракати вакили бўлган Президент Муҳаммад Мурсийнинг зудлик билан истеъфога чиқишини талаб қилган инқилоб умумий норозиликнинг авж нуқтаси бўлди. Ўша кунларда Миср халқи армия раҳбариятига фақатгина бир йил ҳокимиятда бўлган радикал ташкилот ҳукмронлигини тугатиш талаби билан мурожаат қилди. Мудофаа вазири ва бўлажак Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси кейинги воқеалар учун жавобгарликни ўз зиммасига олди: айнан у мудофаа бўлими бошлиғи сифатида мамлакатда тартибни таъминлашга қаратилган, Президент Мурсийга ультиматум эълон қилган, Миср жамиятининг турли сиёсий ва ижтимоий кучларини бирлаштиришга ҳисса қўшган, муваққат ҳукуматга ҳокимиятни топширишнинг тинч натижасини назорат қилган.
Абдулфаттоҳ ас-Сиси президент этиб сайланганидан сўнг, Мисрда диний экстремизм, терроризм ва радикализмга қарши кураш чоралари сезиларли даражада кучайтирилди ва ҳокимият томонидан ушбу масалага ёндашув сифат жиҳатидан ўзгарди, жумладан, бир қатор янги қонунлар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди, ёшлар билан тизимли ишлар бошланди.
– Айтинг-чи, Мисрда диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш миллий стратегия даражасида қабул қилинганми?
– Албатта, Мисрда терроризм ва экстремизмга қарши кураш миллий стратегия характерига эга. Бугунги кунда мамлакатда «Террористик ташкилотлар ва терроризм», шунингдек, 2015 йилдаги «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги қонунлар, 2018-2020 йилларда киритилган ўзгартиришлар мавжуд бўлиб, уларга кўра нафақат террористик ҳаракатларнинг ижрочилари, балки қандайдир тарзда уларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган барча шахслар ҳам оғир жиноятларда айбдор деб эълон қилинади. Бундан ташқари, террорчилик ҳаракатини амалга ошириш мақсадида мурожаатларни амалга оширувчи, хатти-ҳаракатни намойиш қилувчи ёки бошқа бирон-бир ҳаракатни содир этган шахслар айбдор ҳисобланади.
Шунингдек, 2018 йилда терроризмга қарши махсус мустақил қўмита тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва жорий йилнинг июль ойида эса террористик фаолиятни молиялаштириш учун пул ювишга қарши қаратилган қонун лойиҳаси қабул қилинди.
– Миср ҳукуматининг диний экстремизмга қарши курашда бошқа Араб давлатлари билан ҳамкорлиги ҳақида тўхталсангиз. Бундай ҳамкорлик доирасида аниқ натижаларга эришилганми?
– Миср дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан, Араб давлатлари билан биргаликда терроризмга қарши курашда фаол ҳамкорлик қилмоқда. Асосан, ушбу ҳамкорлик қўшма ҳарбий машқлар шаклида амалга оширилади. Шундай қилиб, бир неча кун олдин Миср Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Греция ва Кипр ҳарбийлари билан «Геркулес-2» қўшма ҳарбий машқларини ўтказди. Иордания, Америка Қўшма Штатлари, Конго демократик Республикаси ва Баҳрайн машғулотларда кузатувчи сифатида қатнашди.
Миср Араб Республикаси мунтазам равишда Россия, Франция, Греция, Буюк Британия ва бошқалар билан биргаликда терроризмга қарши ҳарбий машқларни олиб боради.
Агар биз Араб дунёсидаги терроризмга қарши ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, унда Араб давлатлари Лигасининг ушбу масаладаги фаол позициясини эслатиб ўтиш жоиз. Масалан, шу йилнинг июнь ойида АДЛ (Араб давлатлари лигаси) терроризмга қарши кураш бўйича мутахассислари Қоҳирада фавқулодда мажлис ўтказдилар, унда террористик таҳдидларнинг олдини олиш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш масаласи кўриб чиқилди. Ҳеч кимга сир эмаски, Яқин Шарқ минтақаси халқаро террорчилар ҳужумларининг асосий нишони ҳисобланади.
– Миср – араб дунёсида диний экстремизм ва терроризмга қарши курашда катта тажрибага эга эканлиги маълум. Бу борада Мисрнинг қандай ютуқларини Марказий Осиё ҳукуматларига тавсия қилган бўлардингиз?
– Ҳамма нарса ёшликдан бошланади ва бу ерда вақтни ўтказиб юбормаслик муҳим: мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш, мактаб ўқувчилари ва талабалар билан ишлашнинг аҳамиятини ортиқча баҳолаб бўлмайди. Юқори сифатли ўрта таълим ўқувчилари ўртасида соғлом руҳият ва юксак ахлоқий кўрсатмаларни шакллантириш муҳим роль ўйнаши мумкин. Бироқ, бу ерда муҳим омил – таълим ва тарбия жараёнига бир томондан – адабиёт, тарих ёки география каби анъанавий гуманитар фанларни, бошқа томондан эса замонавий оммавий ахборот воситаларини, хусусан, Интернет-контент, радио, кино, анимация, замонавий мусиқа ва бошқа фанларни мувозанатлаштирган ҳолда киритишдир.
Хулоса қилиб айтганда, мен ёшларнинг дунёқарашини самарали кенгайтиришга ҳисса қўшадиган асосий воситалардан бири ҳақида, яъни маданиятлараро лаёқат ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман.
Илмий тадқиқотлар ва академик ўқитиш тажрибамга асосланиб айтишим мумкинки, маданиятлараро лаёқатни ўқитиш ёшларни дунёнинг маданий хилма-хиллигини чуқур қадрлаш ва тушунишга, «бошқани» (этник, маданий ёки диний жиҳатдан ўзимиздан фарқли бўлган кишини) чин дилдан қабул қилишга, салбий маданий, этник ва диний стереотиплардан хабардор бўлиш ва уларни енгишга, шахсий ва профессионал даражада турли эътиқод, дунёқарашдаги одамлар билан муваффақиятли, самарали мулоқот қилишга ўргатади. Буларнинг барчаси маданиятлараро лаёқат предметини радикал кайфиятларнинг олдини олиш ва йўқ қилишда муҳим воситага айлантиради.
Тошкент давлат шарқшунослик
университети таянч докторанти
Шербек ЁДГОРОВ суҳбатлашди