Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўпкари мусобақаси тарғибот тадбирига уланди
13:10 / 2023-04-03

Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани Бегламишсой маҳалласи кенгликларида Қарши давлат университети ташаббуси билан “Ташаббусимиз, иқтидоримиз, куч-қудратимиз – Ватан учун” шиори остида кўпкари миллий спорт тури бўйича “Қарши давлат университети кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Талаба-ёшларнинг дарс машғулотларидан бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган тадбирда улоқ-кўпкари мусобақасида нафақат вилоятдан моҳир полвонлар, балки қўшни вилоятлардан ҳам кўплаб маҳоратли чавандозлар қатнашди. Дастлаб университет талабаларидан иборат “Университет-1” ва “Университет-2” жамоалари ўртасида мусобақа ташкил этилиб, унда “Университет-1” жамоаси 5-2 ҳисобида ғалаба қозонди. Ғолиб жамоага “Қарши давлат университети кубоги” ва қимматбаҳо совғалар топширилди.  

Шундан сўнг ўтказилган оломон улоқ кўпкари мусобақасида кўплаб эпчил ва чапдаст чавандозлар улоқ айирди. Маррага улоқни олиб келган моҳир чавандозлар меҳнатига яраша телевизор, микротўлқинли печ, пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. Улоқ-кўпкари мусобақасида бош соврин туяга Бегламишсой маҳалласидан моҳир чавандоз Шуҳрат Солиев эгалик қилди. Навбатдаги соврин от эса университетнинг спорт факультети 4-босқич талабаси Шаҳзод Тошмуродовга насиб этди.  

Байрамона спорт мусобақаси “Конституция меники, сеники, бизники. Конституция ўзимизники!” шиори остидаги тарғибот тадбирига уланиб кетди. Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев, университет профессори Муродулла Нормуродов ва бошқалар янгиланаётган Конституциямизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумот бериб, барчани референдумда фаол иштирок этишга чақирди.  

Хушовоз хонандалар ижросидаги гўзал қўшиқлар, ёш бахши, университет талабаси Салоҳиддин Қодировнинг миллий термалари, созанда талабаларнинг жонли ижродаги мусиқалари йиғилганларга хуш кайфият улашди.  

Ўлмас Баротов, ЎзА