“Кўп кузатганман, аксарият одамларимиз турмуш тарзида саломатлиги ҳақида қайғуришни ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни энг охирги ўринга қўяди, – дейди Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бош маслаҳатчиси Алишер Нурмаматов. – Аслида инсоннинг узоқ умр кўришида шу икки омилнинг аҳамияти катта.
ДХА Навоий вилояти бошқармасида ҳар шанба куни адлия бошқармаси ҳамкорлигида ходимларни соғломлаштириш мақсадида спорт мусобақалари уюштирилмоқда.
Бу гал волейбол ва стол тенниси бўйича мусобақалар бўлиб ўтди. Аслида спорт иш унуми самарадорлиги учун жуда керак. Ҳам инсонга завқ бағишлайди, ҳам ходимлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.
Спорт беллашувини кузатаркансиз, ёшлик даври, ўйинқароқ дамларга қайтади, инсон. Волейбол майдонида ҳам баҳс роса қизиди, кучли гуруҳ финал ўйинида. Адлия ва Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармалари баҳсида адлия йигитларининг қўли баланд келди. Ҳа, спорт шуниси билан завқли.
«Гард бўлмаса, дард бўлмаса, одамзод минг йил яшайди» деган экан, Ибн Сино бобомиз. Гард, бу инсон кўзига кўринмас чанг микроблар. Дард эса маълум. Кўпинча кам ҳаракатлилик туфайли одамлар турли дардга чалинади. Аслида жисмоний ҳаракат одам организмидаги барча аъзоларнинг фаоллигини оширади. Шу боисдан спорт билан шуғулланиш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Яна бир гап. Руҳшуносларнинг таъкидлашича, бугун дори-дармон воситалари бирортаси жисмоний ҳаракатнинг ўрнини боса олмас экан. Аммо, жисмоний ҳаракат билан шуғулланган одам дори-дармонга эҳтиёж сезмайди. Бу бор ҳақиқат. Жисмоний фаоллик билан ҳамма касалликнинг даъвосига чора топиши мумкин . Демак, спорт билан мунтазам шуғулланиш жоиз.
ДХА Навоий вилояти бошқармаси ахборот хизмати