English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўпчилик мамлакатлар электрон сигаретани тақиқлашмоқда
17:26 / 2022-06-01

Яқинда Мексика ҳам вейплар, снюслар ва таркибида никотин  аралашмаси бўлган бошқа турдаги воситаларга қарши қаратилган ҳаракатларга қўшилди. Мамлакатда вейплар ва электрон сигареталар сотилиши тўлиқ тақиқланди.

Давлат раҳбари бундан буён Мексикада электрон сигареталар ва вейпларни тарқатиш ва сотиш тақиқланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу борадаги қарор миллат, энг аввало болалар ва ўсмирлар саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинди. 

Ҳозирги кунда қатор мамлакатлар, хусусан, Сингапур, Малайзия, Австралия ва Норвегияда  бундай маҳсулотларни  сотиш бутунлай тақиқланган. 

Дастлаб вейпларга чекишнинг хавфсиз муқобили сифатида  қаралган эди. Бироқ сўнгги йилларда олиб борилган тақдиқотлар бу маҳсулотлар ўпка, юрак ва қон томирларига салбий таъсир кўрсатишини кўрсатди. Thorax ва American Journal of Ophthalmology журналларида нашр этилган янги изланишлар натижаларига кўра, ҳатто чекувчининг олдида бўлиш ҳам инсоннинг нафас олиш тизимига, мунтазам чекиш эса кўз ва кўриш қобилиятига зарар етказиши мумкин. 

Никотин ишлаб чиқарувчиларнинг ҳийлалари

Ҳозирда ўсмирлар ва уларнинг ота-оналари ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.  Улар таркибида никотин мавжуд бўлган замонавий маҳсулот нима, у қандай кўринишга эга эканлиги ва қанчалик хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга бўлишлари керак. Бу маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар уларни сақич, ширинлик ёки упа қутисига ўхшаш чиройли кўринишдаги қутичаларга ўраб, сотувга чиқаришмоқда. Заҳарли моддалар ўралган идишнинг ташқи кўриниши хушбўй ҳидлар ва ёқимли таъм билан тўлдирилмоқда. Бундай ҳийла нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам йўлдан оздиради. 

Сўнгги икки йил давомида тамаки саноати ўз фойдасини кўзлаб, янги турдаги тутунсиз никотин маҳсулотлари – никотин снюсларини қизғин реклама ва тарғиб қилмоқда. Тамаки саноатининг ёлғон чақириқлари туфайли бу маҳсулотлар айниқса, ёшлар ўртасида жуда оммалашди. Бу муаммо айниқса  ҳар қандай ҳид ва таъмга эга снюсларни очиқ сотиб олиш мумкин бўлган мактабларда кескин тус олмоқда. Шу сабабдан, ҳатто бешинчи синф ўқувчилари орасида ҳам снюс ҳаваскорларини учратиш мумкин. Эндиликда Тошкент кўчаларида, исталган мактабнинг йўлаклари ва ҳовлисида ишлатилган  снюс қолдиқларини учратиш мумкин.  

Снюс ишлаб чиқарувчилар бу билан тўхтаб қолишгани йўқ, улар ўз маҳсулотларини яширишнинг янги усулларини ўйлаб топмоқда. Фарзандининг мактаб сумкасидаги флешка ёки маркер аслида кучли таъсирга эга электрон сигарета эканлигини ҳамма ота-она ҳам пайқамайди. Уларнинг таркибида тамаки моддаси йўқ, бироқ никотин миқдори оддий сигарета таркибидаги дозадан анча юқори. 

         Вейплар ҳар хил жинс вакилларига турлича таъсир кўрсатади 

Биологлар томонидан сичқонлар ўртасида тадқиқот ўтказилиб, электрон сигареталарнинг уларга таъсири ўрганилди. Тадқиқот натижалари Circulation илмий журналида  чоп этилди. 

– Аҳлоқий сабабларга кўра, бундай тажрибани болаларда ўтказиб бўлмайди, шу сабабли, биз ҳайвонлардан фойдаланамиз. Янги маълумотлар шифокорлар ва ота-оналарга электрон сигареталар болалар саломатлигига қандай хавф солишини яхшироқ тушунишига ёрдам беради, - дейди Огайо штати университетининг  профессори Лорен Уолд.

Сўнгги йилларда олимлар томонидан электрон сигареталардан чиқадиган тутун инсон саломатлиги учун хавфли ва айни пайтда тамаки тутунидан қолишмаслигига оид  кўплаб далилларни аниқланди. Хусусан, яқинда олимлар ўтказган тадқиқотга кўра, вейплардан чиқадиган тутунда заҳарли моддалар, канцерогенлар мавжуд бўлиб, улар нафақат ўпка саратони ривожланиш эҳтимолини оширади,  балки  артерия ва вена қон томирларининг деворларини янада кучсизлантиради. 

 Л. Уолд ва унинг ҳамкасблари томонидан электрон сигареталарнинг юрак ва қон томирлари фаолиятининг ёмонлашувига олиб келадиган оқибатларни ўрганилди. Бунинг учун олимлар вейплардан чиқадиган тутун ёш сичқонларнинг соғлигига қандай таъсир кўрсатишини кузатди. Кузатув жараёнида улар кемирувчиларнинг қанчалик тез ўсиши, уларнинг ўпка ва юрак-қон томирлари тизимида юзага келадиган муаммоларни ўрганди ҳамда бошқа ҳаётий муҳим кўрсатгичларни ўлчаб борди. Бу кузатув натижалари кутилмаганда, фақат эркак сичқонлардагина намоён бўлган ва урғочи сичқонларга хос бўлмаган юрак фаолиятидаги жиддий бузилишларни кўрсатди. 

Шунингдек, олимлар уч ой давомида электрон сигареталар тутунидан нафас олган  эркак сичқонларнинг чап қоринчасида бузилишлар кузатилганини ҳам аниқлади. Л. Уолд ва унинг ҳамкасблари  келгусида ўтказиладиган  тажриба ва кузатувлар бу бузилишнинг қандай ва қачон бошланганини аниқлашга  ёрдам беради, деб умид қилмоқда. Бу ўсмирлик пайтидан бошлаб вейпларни  истеъмол қила бошлаган эркакларда кузатиладиган юрак касалликларининг ривожланишини тўхтатадиган даво чораларини ишлаб чиқиш имконини беради. 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА