Ховос туманининг олис ҳудудларидан бири — Пахтакор маҳалласи аҳолиси бугунги кунни катта шукрона ва қувонч билан қарши олмоқда. Сабаби оддий эмас — йиллар давомида маҳалла аҳолисини ўйлантириб келган, турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатган ичимлик суви ва оқова сув тизими билан боғлиқ муаммолар ниҳоят ўз ечимини топмоқда.
Маълумки, шу вақтга қадар Пахтакор маҳалласида ичимлик суви таъминоти етарли даражада йўлга қўйилмаган, мавжуд тармоқлар эса анча эскирган эди. Айрим хонадонлар тоза ичимлик сувини узоқ масофадан ташиб келишга мажбур бўлар, оқова сув тизимининг носозлиги эса санитария ҳолатига жиддий таъсир кўрсатарди. Айниқса, маҳалла ҳудудида жойлашган 14 та кўп қаватли уй ва уларда истиқомат қилаётган 168 та хонадон учун бу муаммолар яққол сезиларди. Бу ҳолат аҳоли саломатлигига, айниқса болалар ва кексалар ҳаётига турли қийинчиликлар туғдириб келаётган эди.

– Бу масала юзасидан туман ва вилоят мутасаддиларига кўп бора мурожаат қилганмиз. “Инобатга олинди, келгуси йил режасига киритилди” деган умидли гапларни кўп эшитганмиз. Аммо амалда сезиларли ўзгаришни кўрмаганмиз. Кўп қаватли уйда яшасакда, хонадонларимизга тоза ичимлик суви кириб келмагани бизни қаттиқ ўйлантирарди. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам, ёғингарчилик пайтида асфальт қилинмаган кўчаларда лой-балчиқ кечиб, баклашкаларда сув ташиб ичганмиз. Канализация тизими билан боғлиқ муаммолар эса йиллар давомида ҳал этилмай келаётганди, – дейди маҳалла фуқароси, онахон Шоира Бобоева.
Энг муҳими, давлатимиз раҳбарининг аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган қарор ва фармонлари, шунингдек, масъулларга берилган аниқ топшириқлари ижроси доирасида йиллар давомида ечим талаб қилиб келган муаммоларга амалий ёндашув бошланди. Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг эътибори ва ташаббуси билан Пахтакор маҳалласидаги долзарб масалалар босқичма-босқич ҳал этилмоқда.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Сирдарё сув таъминоти” АЖ томонидан диаметри 15–20 мм бўлган 5 километр масофага янги сув тармоғи тортилди. Хонадонларга замонавий талабларга жавоб берадиган сув ҳисоблагичлари ўрнатилиб, тоза ичимлик суви тўғридан-тўғри уйларга киритилмоқда. Бу нафақат аҳолининг кундалик эҳтиёжини енгиллаштирмоқда, балки сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш имконини ҳам яратмоқда.
Шу билан бирга, йиллар давомида хизмат қилиб, деярли ишдан чиққан оқова сув тармоқлари тўлиқ реконструкция қилинмоқда. Янги қувурлар ўрнатилиб, тизим замонавий стандартлар асосида янгиланяпти. Бу эса маҳаллада санитария-эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланишига, атроф-муҳит муҳофазасига ҳамда аҳолининг соғлом ҳаёт тарзини таъминлашга хизмат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур ишлар учун маҳаллий бюджетдан қарийб 700 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ҳам эътибордан четда қолмади. Кўп қаватли уйлар атрофида режасиз қурилган қурилмалар олиб ташланиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Кўчалар тартибга келтирилиб, аҳоли учун шаҳар шароитига мос, қулай ва хавфсиз муҳит яратилмоқда.

– 2026 йил пахтакорликлар учун хайрли ташаббуслар билан бошланди. Сув, оқова сув тизими ва йўл билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топа бошлади. Фақат биз эмас, фарзандларимиз ва набираларимиз учун ҳам муносиб, ҳавас қиларли шароитлар яратилмоқда. Бундан қувонмаслик мумкин эмас. Чекка ҳудудга эътибор қаратилгани учун юртбошимиздан миннатдормиз, – дейди "Пахтакор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фахриддин Абдезов.
– Ҳақиқатан ҳам, Пахтакор маҳалласидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолини сув ва оқова тизими билан таъминлаш масаласи узоқ йиллар давомида маблағ ва ресурслар етишмаслиги сабаб долзарб муаммо бўлиб келган эди. Президентимизнинг чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли учун муносиб шарт-шароит яратиш юзасидан берган топшириқлари ҳамда вилоят раҳбарининг эътибори натижасида бугун ушбу муаммоларга амалий ечим топилмоқда. Ишчи кучи ва махсус техника сафарбар этилган. Наврўз байрамига қадар барча ишлар тўлиқ якунланиб, аҳолига муносиб шароит яратилади. Бу эса ҳақиқий байрам туҳфаси бўлади, – дейди “Сирдарё сув таъминоти” АЖ раҳбари Шаҳбоз Акромов.
Ҳақиқат шуки, Пахтакор маҳалласидаги бугунги ўзгаришлар оддий қурилиш ёки таъмир ишлари эмас. Бу — одамлар қалбига ишонч бағишлаш, юзига табассум қайтариш, эртанги кунга умид уйғотиш демакдир. “Инсон қадри учун” тамойилининг амалий ифодаси айнан ана шундай эзгу ишлар орқали намоён бўлмоқда.
Буни маҳалла аҳли билан учрашиб, улар билан самимий суҳбатлашиш орқали яққол ҳис этиш мумкин. Энг муҳими, энди бу ерда сув ҳам бор, йўл ҳам бор, энг асосийси — келажакка бўлган мустаҳкам ишонч бор.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири