Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга юксак эътибор кўрсатиш, уларнинг жамият тараққиётидаги беқиёс хизматларини муносиб қадрлаш давлат сиёсати даражасига айланди. Бу йил ҳам Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан бир гуруҳ фидойи педагоглар давлат мукофотлари билан тақдирланишди.
Улар орасида Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабининг информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиси Фарҳод Ҳақназаров ҳам бор. У таълим соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари учун мамлакатимизнинг нуфузли мукофотларидан бири — “Шуҳрат” медалига сазовор бўлди.
1983 йилда Гулистон туманида туғилган Фарҳод Ҳақназаровнинг илмга муҳаббати оила муҳитида шаклланган. Отаси Мамараҳим ака туман маданият саройида бадиий раҳбар, онаси Муқаддас ая эса коллежда кутубхоначи бўлиб ишлаган. Китоб ва санъатга меҳр, маънавий поклик ва меҳнатсеварлик унинг қалбига болаликдан сингган.
2007 йилда Гулистон давлат университетининг амалий математика ва информатика йўналишини тамомлаган Фарҳод меҳнат фаолиятини талабалик давридаёқ — 2004 йилда 14-мактабда дарс беришдан бошлаган. Шундан буён мазкур мактабда самарали фаолият юритиб келмоқда.
Фарҳод Ҳақназаров илмий изланишлари, ташаббускорлиги ва фидойилиги туфайли ҳамкасблари ва шогирдлари орасида катта обрў-эътиборга эга. У “Python”, “C++”, “Full Stack”, “Data Analysis”, “Android” каби дастурлаш йўналишларини чуқур ўзлаштириб, тажрибасини ўқитувчилар билан ўртоқлашиб келмоқда.
Coursera платформасида турли курсларни муваффақиятли тамомлаб, халқаро сертификатларга эга бўлди. Унинг муаллифлигида яратилган “Scratch дастури имкониятлари” қўлланмаси вилоят мактабларида кенг фойдаланилмоқда.

Устознинг энг катта бойлиги — шогирдларидир. У тарбиялаган ўқувчилар туман, вилоят ва республика босқичларида юқори натижаларга эришмоқда.
Фарҳод Ҳақназаров анъанавий август кенгашларида маърузалар билан қатнашиб, таълим соҳасидаги ислоҳотларни тарғиб этиб келмоқда. Шунингдек, информатика фани Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини тажриба-синовдан ўтказишда экспериментатор ўқитувчи сифатида фаолият юритди. 2010 йилдан буён ўқитувчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш малакасини ошириш курсларини ташкил этишда фаоллик кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, мактабда ташкил этилган “Информатика” тўгараги раҳбари сифатида иқтидорли ўқувчилар билан самарали иш олиб боради. Туман миқёсида турли тадбирлар ташкил этиб, ёшларни фанга қизиқтириш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

– Шогирдларимнинг муваффақияти — менинг энг катта мукофотим, – дейди устоз самимият билан. Бугун эса унинг юксак меҳнатлари давлат томонидан муносиб баҳоланди.
Фарҳод Ҳақназаровнинг “Шуҳрат” медали билан тақдирланиши нафақат шахсий ютуқ, балки Сирдарёлик ўқитувчилар, умуман олганда мамлакатимиз таълим тизимида сидқидилдан хизмат қилаётган минглаб педагогларга бўлган юксак эътиборнинг ифодаси бўлди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири