ФОТОРЕПОРТАЖ
Мактабгача таълим агентлиги билан ҳамкорликда UNICEF халқаро ташкилоти ва Европа иттифоқи кўмаги асосида 2023 йил октябрь ойидан таълим соҳасидаги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти бўлмаган жамоалар учун Термиз шаҳри, Термиз ва Музработ туманларидаги давлат боғчаларида ўнта кўп тилли инновацион, инклюзив муқобил гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган эди.
Ушбу ташаббус доирасида эришилган натижалар билан танишиш мақсадида UNICEF'нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Рехина Кастижио, Швейцария элчихонаси халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рахел Бёш, Мактабгача таълим агентлиги директори ўринбосари Оятулла Раҳматуллаев ва вилоят масъуллари Термиз шаҳридаги 31-давлат мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрди.
[gallery-17923]
Ташриф давомида меҳмонлар кўп тилли муқобил мактабгача таълим гуруҳларини ташкил этиш бўйича Сурхондарё тажрибаси билан яқиндан танишди.
Таъкидлаш керак, мазкур халқаро ҳамкорлик натижасида Термиз шаҳри, Термиз ва Музработ туманларидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида 10 та кўп тилли муқобил гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Ёрдамга муҳтож оилаларнинг 400 нафардан зиёд 3-6 ёшли фарзанди, жумладан, вилоятда яшовчи афғон болалари ана шу гуруҳларда таълим олмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА