Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўп тармоқли тиббиёт кластери: қандай натижа кутилмоқда?
14:41 / 2022-02-05

Тошкент вилояти ҳокими ҳузурида аҳолига ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, юқори технологик операциялар ва замонавий даволаш усулларини жорий этиш, хизматлар сифатини ошириш борасида амалга ошириш режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ва соҳа мутахассисларига бу борада атрофлича маълумот берди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда вилоятнинг географик тузилишидан келиб чиққан холда, тарқоқ жойлашган тиббиёт муассасаларини марказлаштириш, замонавий кўп тармоқли кластер типидаги вилоят тиббиёт кластерини барпо этиш муҳимдир. Бу жараёнда асосий эътибор талаб кўп бўлаётган йўналишларни туманлараро даражага тушириб, хизматларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида кичик тиббиёт кластерларини қуриш ва фаолиятини ташкил этиш зарур бўлади.

Хусусан, ҳудуд маркази бўлган Нурафшон шаҳрида 1 минг 200 ўрин замонавий тиббиёт муассасаси бунёд этилади. Бу ерда Нурафшон, Бекобод шаҳарлари ва Ўрта Чирчиқ, Бўка, Бекобод, Оққўрғон туманларининг 692 минг 589 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатилади. Туман-шаҳарлар географик тарқоқ жойлашганлигини инобатга олиб,  Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарлари тиббиёт бирлашмаси таркибида туманлараро кичик тиббиёт кластерлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, даволаш-профилактика  муассасаларини моддий техник базасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун тегишли қарорларга асосан ссуда ва  хорижий грант маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва тиббий асбоб-ускуналар олиб келиш кўзда тутиляпти.

– 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг 5-йўналишида аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган, – дейди Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев. – Шундан келиб чиқиб, бугунги тақдимотда амалга оширилиши лозим бўлган мазкур лойиҳалар, энг биринчи қадамлар нималардан иборат бўлиши лозимлиги юзасидан гаплашиб олдик. Энг муҳими, аҳолига қулайлик яратиш. Бугунги кунда вилоятда тиббиёт ходимлари учун 1182,25 вакант ўрни мавжуд бўлиб, 615 нафар тор мутахассисга эҳтиёж сезиляпти. Эндиликда бу ўринларни тўлдириш мақсадида тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларини амалиётга жалб қилиш, уларга зарур шароит яратиш лозим бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, замонавий кўп функцияли тиббиёт марказларнинг биринчи моделини яратиш аҳолига кўрсатиладиган шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам даражасини оширади. Аҳолини марказга янада яқинлаштиради ва тиббий ёрдамни халқаро талаблар ва стандартларга кўтаради. Минтақавий даражада мураккаб диагностика ва даволаш процедуралари учун юқори тиббий технологиялардан фойдаланиш имкониятини беради. Бундан ташқари, ногиронлик ва ўлим кўрсаткичларининг 2 баробар пасайишига олиб келади. Кардиологик ўлим кўрсаткичи 17 фоизга, сурункали касалликлар 3 баробар камаяди.

Саъй-ҳаракатлар туфайли Тошкент вилоятида нафақат республика муассасаларига, балки хорижий клиникаларга ҳам ихтисослаштирилган тиббий ёрдам олиш учун беморлар сонини сезиларли даражада камайтиради. Болаларга амбулатория шароитида тиббий хизматлар тури (болалар поликлиникаси) ва мавжуд бўлмаган болалар стоматология хизмати қайтадан ташкил топади. Ангиография ва коронаграфия текшируви, стендлаш операцияси, хирургик эндокринология 3 баробарга, ЭКГ-телеметрия 5 баробарга ортади.

Ҳозирги кунда вилоятда 105 турдаги жарроҳлик амалиёти бажарилаётган бўлса, тиббиёт марказлар ташкил этилган 220 турдаги юқори технологик амалиётларни ҳудуднинг ўзида ўтказиш имконияти яратилади

Тақдимот давомида бу каби кластерлар яратилиши Тошкент вилояти ҳудудларида тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

А.Мусаев, ЎзА