Давлатимиз раҳбари жорий йил 31 октябрь куни энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишиш, шунингдек, куз-қиш мавсумида ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш юзасидан ўтказилган йиғилишда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва тежаш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.
Ана шу вазифалар ижроси доирасида Андижон вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, бошқарманинг туман, шаҳар бўлимлари, бошқарув компаниялари томонидан вилоятдаги кўп қаватли уйларнинг подъезд ва кириш қисмларидаги мавжуд лампалар қуёшдан қувват олувчи ҳамда бошқа турдаги электр тежамкор лампаларга алмаштирилмоқда.

Вилоятдаги маҳаллалар, аҳоли хонадонлари ҳамда кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига 588 минг 165 дона ҳаракатга ишловчи сенсор датчикли лампалар, 6 минг 535 дона қуёш панели, 2 минг 935 дона қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатиш, аҳоли томонидан электр энергияси истеъмолини 123,7 миллион кВт соатга қисқартириш белгиланган.
Бугунги кунга қадар вилоятдаги жами 1 минг 796 та кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига 1 минг 500 донадан ортиқ тежамкор, ҳаракатга ишловчи сенсор датчикли чироқлар ўрнатилди. Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Уй-жой бошқармаси томонидан маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари орқали аҳоли хонадонларида куз-қиш мавсумида электр энергиясини қисқартириш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Андижон, Хонобод шаҳарлари ҳамда Қўрғонтепа тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлимлари, алоқадор ташкилотлар томонидан мазкур ҳудудлардаги тарғибот ишлари юқори самаралар бермоқда. Жараёнда тежамкор лампаларнинг тежамкорлиги, электр энергиясида узилиш бўлган тақдирдаги афзалликлари ҳақида маълумотлар берилаётир.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА