Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўп қаватли уйларда аниқланган камчиликлар бартараф этилмоқда
11:46 / 2025-10-21

Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудлари улкан қурилишлар майдонига айланган. Қай ҳудудга борманг баланд-баланд кўп квартирали уйлар, турли ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа қурилишларни кўриб кўзингиз қувнайди.

Узоққа бормайлик. Бундан 15-20 йиллар олдин 5-9 қаватли уйлар қурилган бўлса, бугунги кунда 16-30 қаватли уйлар қурилаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини янада кучайтириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланмоқда. 

[gallery-25826]

Шу билан бирга, кўп квартирали уй-жой фондидан самарали фойдаланиш, иссиқлик таъминоти, ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сувларни чиқариш хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу йўналишларда давлат назоратининг таъсирчан механизмларини жорий этиш зарурати ортиб бормоқда.

Бу мақсадларни амалга ошириш учун Президентимизнинг 2025 йил 14 апрелда “Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияларида қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказлари босқичма-босқич ташкил этилмоқда.

Натижада давлат маблағлари ҳисобига барпо этилаётган қурилиш объектларига ўрнатилган видеокузатув мосламаларини марказ тизимига интеграция қилиш ишлари амалга оширилди.

– Бугунги кунда Навоий вилояти ҳудудий инспекциясида жами 43 та боди-камера мавжуд бўлиб, уларнинг 30 таси мутахассисларга бириктирилган. Шунингдек, бўлимлар ихтиёрига 30 та оддий планшет ва 30 та махсус планшет ажратилган, – дейди инспекциянинг қурилиш объектларини онлайн кузатиш бўйича бош мутахассиси Маъруф Мирзаев. – Айни вақтда “Қурилиш объектларини онлайн кузатиш маркази”га 58 та объект интеграция қилинган. Объектларда ўрнатилган камералар орқали олинаётган маълумотлар доимий равишда марказга узатилиб, қурилиш жараёнлари устидан реал вақт режимида назорат амалга оширилмоқда. Кузатув жараёнида аниқланган қоидабузарликлар бўйича ҳар кунлик маълумотлар марказий аппаратга электрон тарзда тақдим этилмоқда. Бу эса назорат ишларининг самарадорлигини ошириш, шаффофликни таъминлаш ва қурилиш сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Албатта, қаердаки шаффофлик бўлса, назорат белгиланган тартиблар асосида олиб борилса, самарадорлик юқори бўлади. Қурилишлардаги ўзбошимчалик, сифатсиз қурилишлар, бажарилган хизматларга қўшиб ёзишларнинг олди олинади.

Бугунги кунда ана шундай ҳолатларнинг олдини олишда Навоий вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда вилоятда жами 2 072 та кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлиб, уларга 76 та бошқарув ташкилотлари томонидан коммунал хизматлар кўрсатилади. Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бошқарув тизими босқичма-босқич такомиллаштирилмоқда.

Кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида инспекция томонидан олиб борилган ишлар натижасида 9 та бошқарув сервис компаниясида жами 5,2 миллиард сўм маблағнинг мақсадсиз ишлатилганлиги аниқланиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумотлар юборилди.

 – Ўтган давр мобайнида бошқарув органлари мансабдор шахсларининг қонунбузарлик ҳолатлари бўйича 16 нафар масъул шахсга нисбатан 87,7 миллион сўмлик маъмурий чоралар қўлланилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида иссиқлик тармоқларини босим остида ювиш ва иссиқлик боғланмаларини янгилаш бўйича 26 та мажбурий кўрсатмалар берилди, – дейди ҳудудий инспекция бош мутахассиси Достонбек Жўраев. – Мавжуд 2072 та кўп квартирали уйлардан 1402 та уй марказлашган иссиқлик тизимига уланган. Қолганлари эса локал ёки индивидуал иситиш тизимидан фойдаланади. Жорий йилда 346 та кўп қаватли уйда иситиш тизимлари босим остидаги сув билан ювиб чиқилди, қолганларида ишлар давом этмоқда.

Кўп квартирали уйларнинг 976 тасида ўрганишлар олиб борилиши натижасида 352 та ҳолатда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган ва фуқароларга қонунчиликда белгиланган тартибда муддати кўрсатилган ҳолда бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган. Ҳолатлар юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 659,9 миллион сўм жарима қўлланилган. Уй-жой эгалари томонидан эса ўзбошимчалик билан амалга оширилган ўзгартириш ва қўшимчалар ўз ҳисобидан аввалги ҳолига қайтарилган. 

Шунингдек, ўрганишлар жараёнида 276 та кўп қаватли уйдаги 681 та лифт кўрикдан ўтказилди. Натижада 125 та лифт ускунаси 12 ой ичида техник кўрикдан ўтказилмаганлиги аниқланиб, 42 та хизмат кўрсатувчи ташкилотга ёзма кўрсатмалар берилди. 678 та ертўла текширилганда 47 та ҳолатда санитар-гигиеник талабларга жавоб бермаслик ҳолатлари мавжудлиги маълум бўлган ва барчасида камчиликлар бартараф этилди.

Бугунги кунда барча кўп қаватли уйларнинг зилзилабардошлилигига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда кўп қаватли уйларнинг зилзилабардошлиги бўйича хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирга қадар 1561 та уй визуал ўрганилган, рassportbino.uz платформасига 1004 та бино бўйича маълумотлар киритилган.

Албатта, бу каби олиб борилаётган ишлар соҳадаги масъулият, шаффофлик ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари