Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўп қаватли уйлар муаммолари куз-қиш мавсумига қадар бартараф этилади
19:19 / 2021-07-02

Тошкент вилоятининг кўп қаватли уйлар ва унга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар келгусида аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, хонадонларнинг қиш мавсумини муаммосиз ўтказиш имконини беради.  

Бўка туманида жами 39 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, шундан 37 таси икки қаватли, 2 таси тўрт қаватлидир. Ҳозир аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўп қаватли уйларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, унда бошқарув сервис компанияларини ташкил этиш бўйича ишлар қизғин.  

 Маҳаллада истиқомат қиладиган болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўп қаватли уйлар ҳудудида болалар ўйингоҳлари қуриб берилди. Ҳозир ҳудуддаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати молиявий аҳволи яхши бўлмаганлиги туфайли ёпилиб, улар ўрнига бошқарув сервис компаниялари ташкил этилиб, аҳоли билан шартномалар тузиш ишлари бошлаб юборилган. Мақсад, аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатишдир.  

 Таъкидлаш жоизки, туманда ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уйларни таъмирлаш, сув ҳамда йўл объектларини қуриш, 2021-2022 йилларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича 20 миллиард имтиёзли кредит ажратилиш кўзда тутилган бўлиб, тегишли дастур ишлаб чиқилган. Унга кўра, белгиланган маблағ тумандаги кўп қаватли уйларни таьмирлаш, ички муҳандислик тизимларини тиклаш ҳамда ободонлаштириш ишларига сарфланади.  

 Хусусан, 9 та кўп қаватли уйнинг том қисмини тўлиқ таъмирлаш, 44 та кириш йўлаклари, 12 та уйнинг фасад қисми, 14 та уйнинг ертўла қисми таъмирланади. Шунингдек, ирригация тизимини тиклаш, бетон йўлаклар, замонавий ёритиш чироқлари ўрнатиш, автотураргоҳлар қуриш, спорт мажмуаси бунёд этиш, ташқи иссиқлик таьминотини тиклаш каби амалий ишлар олиб борилади. Натижада, Бўка туманида кўп қаватли уйларнинг меъморий қиёфаси янада кўркамлашиб, унда яшовчи аҳоли вакиллари учун зарур шарт-шароитлар янада яхшиланади.  

 Шунингдек, Қуйи Чирчиқ туманида ишлаб чиқилган манзилли дастурга асосан, “Пахтазор” маҳалла фуқаролар йиғини Ибн Сино кўчасида жойлашган 4 ва 5-сонли кўп квартирали уй-жойларда 2021-2022 йилларда куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.  

 Шу кунларда мазкур кўп қаватли уйларда 40 та оила истиқомат қилади. Жумладан, 5-уйнинг том қисми тўлиқ янгиланиб, таъмирдан чиқарилди. Бундан ташқари, ҳудуддаги ҳар бир оила учун алоҳида омборхона қуриб берилди. Шунингдек, 2 та тандирхона ҳам қуриб битказилди.  

 Ҳудудда ишлар қизғин. Қурувчилар томонидан уйнинг том қисми демонтаж килиниб, профнастил билан ёпиш, фасад қисми ва кириш йўлакларини таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Бу ишларга 4 та қурувчи бригададан қурувчилар жалб қилинган. Умумий қиймати 2,1 миллиард сўмни ташкил этадиган мазкур лойиҳа бўйича амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари жорий йилнинг 1 августига қадар тўлиқ якунига етказилиши кўзда тутилган.  

 А.Мусаев,ЎзА