Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўп қаватли уйлар куз-қиш мавсумига тайёрми?
20:04 / 2025-09-17

Андижон вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, қиш мавсумини беталафот ўтказиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, хусусан, вилоятдаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

– Кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасидаги ишлар режа асосида амалга оширилмоқда, – дейди Андижон вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Фазлиддин Алижонов. – Биринчи навбатда кўп қаватли уйларда аҳолига қулайликлар яратиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳокимликлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари, уй-жой бошқарув сервис компаниялари билан ҳамкорликда чоралар кўрилиб, куз-қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказишга қаратилган зарур ишлар амалга оширилмоқда. 

Бугунги кунда вилоятда 2 минг 200 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, уларнинг 1 минг 512 таси 1991 йилгача, 688 таси 2016-2025 йилларда барпо этилган. Мазкур уйларга 26 уй-жой бошқарув-сервис компаниялари томонидан хизмат кўрсатилади.

Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси, мутасадди ташкилотлар мутахассислари билан ҳамкорликда вилоятдаги ҳар бир кўп қаватли уйнинг, жумладан, уйларнинг том қисми, кириш йўлаклари, ертўлалар, йўлакчалар, табиий газ, сув, электр энергияси тармоқлари, канализация тизимларининг ҳолати тўлиқ ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликлардан келиб чиқиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида вилоятдаги 87 та кўп қаватли уйни таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда ана шу режа асосида амалий ишлар олиб борилмоқда. 

[gallery-25344]

Бугунги кунга қадар белгиланган ишларнинг 95 фоизи бажарилди, аниқланган муаммо ва камчиликлар бартараф этилди. Жумладан, 83 та уй, 8 та уйнинг том ва тарнов қисмлари, 70 та уйнинг кириш йўлаклари, 14 та уйнинг ертўла қисмдаги муҳандислик тармоқлари, 5 та уйнинг хонадон ичидаги муҳандислик тармоқлари, 54 та уйнинг фасад қисми таъмирланди. 

Бундан ташқари, 124 квадрат метр ҳажмдаги фрамуга ромлари, 500 дан ортиқ энергиятежамкор лампалар, 56 та электр энергиясини тақсимловчи шит таъмирланди. Бир қанча кўп қаватли уйлар олдидаги болалар майдончалари тартибга келтирилди, уйларнинг ташқи ёритиш чироқлари янгиланди.

Вилоятдаги қатор кўп қаватли уйларда табиий газ, ичимлик суви таъминоти, иссиқлик узатиш тармоқларини яхшилаш мақсадида 2 километр узунликдаги қувурларни мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирга қадар 0,4 километр иссиқлик тармоғи таъмирланди. Бундан ташқари, жами 44,7 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи, 110 та насос ускунасини мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 110 километр тармоқ ҳамда 104 та насос ускунаси таъмирланди. 

Белгиланган ишларни амалга оширишда Андижон шаҳридаги “Биотех сервис”, “Шинам маҳалла”, “Ёйилма шинам”, Хонобод шаҳридаги “Хонобод обод уй”, Избоскан туманидаги “Пойтуғ обод уйлари” масъулияти чекланган жамияти сингари бошқарув сервис компаниялари намунали иш олиб бормоқда. 

– Компаниямиз Андижон шаҳрининг “Ёйилма”, “Янги Бўстон”, “Нодирабегим”, “Соғлом авлод” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 134 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади, – дейди “Ёйилма шинам” МЧЖ бошқарув сервис компанияси раҳбари Авазбек Мансурхўжаев. – Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида уйларнинг 28 та кириш йўлаги (подъезд)га замонавий темир эшик, 11 тасига фрамуга ромлари, 113 та ёритиш чироқлари ўрнатилди, 9 та болалар майдончаси, 3 та уйнинг 210 квадрат метр том қисми таъмирланди. Мақсадимиз, аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашишдир.

Олиб борилаётган ишлардан аҳоли мамнун бўлмоқда. 

– Уйимизнинг кириш йўлакчалари таъмирланди, олди қисмига гуллар, манзарали дарахтлар экилди, – дейди Янги Бўстон маҳалласидаги 3-А уйда яшовчи, меҳнат фахрийси Шавкатбек Бобоев. – Шу кунларда подъезддаги электр энергиясини тақсимловчи шитлар янгилаб берилди. Умуман, ҳудудимизга хизмат кўрсатувчи уй-жой бошқарув компанияси томонидан олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. 

Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аёзли кунларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тезкор бартараф этиш мақсадида туман ва шаҳарлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда штаблар тузилиши белгилаб олинди. 

Айни кунда вилоятдаги кўп қаватли уйларда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш, бир сўз билан айтганда қиш мавсумида кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш, қишнинг аёзли кунларини муаммоларсиз ўтказиш учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

Ф. Убайдуллаев,З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари