Мамлакатимизда барча йўналишлар каби коммунал соҳада ҳам кенг кўламли ишлар белгиланиб, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида Уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудлар хизматларини яхшилаш чоралари кўрилмоқда.
Жиззах вилоятидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолига хизмат кўрсатиш сифати қандай? Аҳоли мурожаатларини ҳал қилиш борасидаги ишлар қониқарлими?
ЎзА мухбири ана шу саволлар билан Жиззах вилояти уй-жойларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Мирзасултон Бобобековга мурожаат қилди.

– Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида жами 2 минг 344 та кўп хонали уйлар бўлиб, уларга 29 та бошқарув ташкилоти томонидан коммунал хизматлар кўрсатиб келинмоқда, – дейди Мирзасултон Бобобеков. – Президентимизнинг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 18 мартдаги “2022 – 2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига асосан, жорий йилда 192 та кўп хонали уйларни ҳамда туташ ҳудудлардаги инфратузилма объектларини қуриш ва таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар дастури шакллантирилган.
Жумладан, 11 миллиард 700 миллион сўм маблағ эвазига 179 та кўп хонали уйларни таъмирлаш ишлари режалаштирилган эди. Жорий йил 1-ярим йиллик якунида 51 та кўп хонали уйлар таъмирланди ва қолган уйларда таъмирлаш ишлари давом этяпти.
12 миллиард 900 миллион сўм ҳисобига 38 та болалар майдончаси, 43 та умум фойдаланишдаги ҳожатхона (санитар узел)ларни қуриш, 56 минг 600 метр квадрат йўлакларни бетонлаш ҳамда 758 та ташқи ёритиш тизимини таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, шундан 30 минг 600 метр квадрат тротуарлар бетон қопламаси билан қопланди, 409 та ташқи ёритиш тизимлари ўрнатилди, умум фойдаланишдаги санитар узеллар ва болалар майдончаларини қуриш ишлари якунланиш арафасида.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 4 миллиард 500 миллион сўм маблағлар ҳисобидан 13 та уй-жой фондини мукаммал ва жорий таъмирлаш режалаштирилган эди. 13 та кўп хонали уйни таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ва экспертиза хулосалари олиниб, 7 та уй таъмирланди.
Ғаллаорол тумани, “Маржонбулоқ” шаҳарчасидаги 17 та кўп хонали уйларни мукаммал таъмирлаш учун “Навоий кон металлургия комбинати” томонидан 10 миллиард сўм маблағ молиялаштирилиб, “Ягона буюртмачи хизмати” инженеринг компанияси буюртмачилиги остида, 17 та уйнинг том қисми тўлиқ таъмирланиб, қолган 4 миллиард 500 миллион сўм ҳисобидан ички муҳандислик тармоқларини таъмирлаш бўйича пудратчи ташкилотни танлаш учун тендер савдосига эълон берилган.

Шу билан бирга Жиззах шаҳри, Ғаллаорол ва Дўстлик туманларида маҳаллий бюджет ва аҳолидан йиғилган 6 миллиард 500 миллион сўм маблағлари ҳисобидан 54 та кўп хонали уйларда санитар узеллар қурилиб, 2 минг 268 нафар аҳолига қулай шароитлар яратиб берилди.
Шаҳар ва туманлардаги 156 та ширкат ўрнига 29 та бошқарув ташкилоти ташкил этилиб, йиллар давомида ширкатлар томонидан олинган 111 миллиард 869 миллион сўм кредит маблағлари фоизлари билан 3 йилга узайтирилди. Ушбу бошқарув ташкилотлари тўлиқлигича “Менинг уйим” биллинг тизимига киритилган ва 2 минг 242 та кўп қаватли уй-жойлардаги 40 мингдан ортиқ хонадоннинг барчасига ушбу тизимда шахсий ҳисоб рақамлар очилган.
Айни пайтда, мулкдорлар томонидан тўланаётган мажбурий бадал тўловлари “Менинг уйим” биллинг электрон тизимлари (click, payme, upay, paynet ва бошқалар) орқали амалга оширилмоқда.
Биринчи ярим йиллик учун белгиланган мажбурий бадал йиғиш режаси 3 миллиард 329 миллион сўмни ташкил этган бўлса, амалда 2 миллиард 868 миллион сўм ундирилган ҳолда режа 86 фоизга бажарилгани ишимизда ҳали қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатади. Бу борада қўшимча чора- тадбирлар белгилаб олдик ва ишларимизни шу асосда олиб боряпмиз.
Ҳар бир бошқарув ташкилотлари ўз хизмат биноларига эга ва унда 24 соат фаолият олиб борувчи авария навбатчилик хизматлари ташкил этилган ва малакали мутахассислар, моддий техника базасига эга.

Аҳоли билан доимий фикрлашиб ишлаймиз. Халқ орасига кириш, улар билан мулоқот қилиш, уларнинг дарди, ташвишини тинглаш, кўтарилган масалаларни бартараф этиш асосий вазифамиз.
ЎзА мухбири Абдужалол Қаюмов суҳбатлашди.