Сўнгги йилларда мамлакатимизда табиий газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, ноқонуний уланишлар ва энергетик йўқотишларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар изчил кучайтирилмоқда.
Газ тармоқларида қонунбузарликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва истеъмолчилар ўртасида масъулиятни ошириш энергетика хавфсизлигининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ўтказилаётган назорат тадбирлари, айниқса, кўп қаватли уй-жойлар ва хусусий корхоналарда газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини текширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу йўналишда ўтказилган навбатдаги назорат тадбирлари давомида Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларда 1,9 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.
“Ўзэнергоинспекция” ахборот хизматига кўра, текширув давомида “S. C. L.” МЧЖга қарашли кўп қаватли уй биноси лойиҳа ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан тармоққа тўғридан-тўғри уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарлик натижасида газ таъминоти корхонасига 1 миллиард 992 миллион сўмлик зарар етказилгани қайд этилди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА