Мамлакатимизда бино ва иншоотлар, кўп қаватли уй-жойларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил манзилли дастурга мувофиқ, 2 052 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш белгиланган. Уларнинг 1 823 тасини 2024 йилда фойдаланишга топшириш мақсад қилинган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан кўп қаватли уй-жойлардаги хонадонларнинг энергия самарадорлиги (энергоаудит)ни баҳолаш ҳолати Тошкент вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилган эди.
Мазкур ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, Тошкент вилоятида 182 та, шундан 80 та йилдан-йилга ўтувчи ва 102 та янгидан бошланувчи объектга 1 565,8 млрд. сўм ажратилган. Инвестиция дастури доирасида эса 86 та ижтимоий соҳа ва бошқа объектларни қуриш учун 619,6 млрд. сўм маблағ ажратилган.
Ўтган даврда энергия самарадорлигини таъминлаш мақсадида мактаблар, боғчалар, ихтисослашган мактаблар, соғлиқни сақлаш, спорт ва бошқа тоифадаги объектларнинг лойиҳалари қайта кўриб чиқилиб, энергия тежамкор ва замонавий ечимлардан фойдаланилган.
Янги қурилган уй-жойларда иссиқлик изоляцияси материаллари ишлатилиб, энергия тежамкор лампалар, эшик ва ромлар, қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилган. Айрим массивларда инженерлик коммуникацияларини иссиқ-совуқдан ҳимоялаш мақсадида ер ости коллекторлари орқали ўтказилган.
Йиғилишда шунингдек, қурилиш объектларининг таннархини камайтириш, рақамлаштириш, қурилиш ҳужжатларини кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Қайд этилганидек, қурилиш соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали коррупция ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш, аҳолига коммунал ва давлат хизматларини кўрсатиш, норматив ҳужжатлар ва стандартларни такомиллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш каби йўналишлар рақамлаштирилган.
М.Комилова, ЎзА