Навоий шаҳрида аҳолининг хавфсиз ва қулай яшаш шароитларини таъминлаш, кўп қаватли уй-жой фондининг техник ҳолатини яхшилаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Навоий вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли турар жойлар ҳамда уларнинг ертўлалари ҳолати ўрганилмоқда.


Рейд тадбирлари давомида кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида жойлашган муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ишчи ҳолати, техник ва санитария талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, марказий иссиқлик тизимларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳолатлари мавжуд ёки йўқлиги ўрганилиб, бу каби қоидабузарликларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.


Мазкур назорат тадбирлари орқали кўп қаватли уй-жойларда коммунал хизматлар сифатини ошириш, муҳандислик тармоқларидан тўғри ва самарали фойдаланиш ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсад қилинган.


– Инспекция томонидан ўтказилган навбатдаги рейд тадбирлари давомида бир қатор қоидабузарликлар аниқланди, – дейди инспекция шўъба бошлиғи Сирожиддин Аллаев. – Хусусан, Ғалаба шоҳ кўчасида яшовчи фуқаролардан бири уйида иссиқ пол ўрнатгани маълум бўлди ва бу камчилик жойида бартараф этилди. Шу каби қоидабузарлик Ибн Сино кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида ҳам қайд этилди. Лев Толстой кўчасида истиқомат қилувчи мулкдор эса радиаторни уйнинг балконига чиқарган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси асосида далолатнома расмийлаштирилиб, камчилик бартараф этилди.

Бу каби амалий чора-тадбирлар шаҳарда хавфсиз, барқарор ва қулай яшаш муҳитини яратиш, кўп қаватли уйларнинг умумий ҳолатини яхшилаш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/9pp-RmAjCuc" title="Ko‘p qavatli uy-joy fondining texnik holatini yaxshilash dolzarb vazifa" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, ЎзА мухбири